Пойтахтимизда Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциациясининг тақдимот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси раиси Шерзод Сами, мазкур уюшма директори Мансуржон Расулжонов мамлакатимизда муқаддас ислом динини ўрганиш, унинг арконларини эмин-эркин адо этиш, аждодларимизнинг бой маданий-маънавий меросини тадқиқ этиш учун кенг имкониятлар яратилганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳининг таклифига биноан жорий йилнинг 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди ҳамда мазкур ташриф доирасида Умра зиёратини ҳам амалга оширди.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони раҳбарларининг учрашувларидан сўнг жорий йилнинг 27 сентябрь куни Саудиянинг Ҳаж ва Умра вазири бошчилигидаги делегация мамлакатимизга келди. Ташриф давомида Ҳаж ва Умра сафарига борувчи зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мамлакатда илмий марказлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш каби муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирининг Президентимиз билан бўлган суҳбатидан сўнг мамлакатимиз мусулмонлари учун Ҳаж ва Умра квоталари сони икки бараварга оширилди.
Саудиялик юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистонда Умра зиёратларини ташкил этиб келаётган бир қатор сайёҳлик агентликлари масъул ходимлари билан ҳам учрашди. Музокаралар давомида Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциациясининг ташкил этилиши икки давлат манфаатлари учун муҳим эканлиги алоҳида таъкидланиб, Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири томонидан маъқулланди.
[gallery-9502]
Охирги йилларда Умра сафарини сайёҳлик агентликлари орқали ташкил этиб бераётганлиги сабабли айрим муаммолар юзага келаётгани ҳам сир эмас. Хусусан, баъзи сайёҳлик агентликлари орқали Умра зиёратига кетаётган фуқароларга йўриқномаларнинг кўрсатилмаслиги, меҳмонхоналарга жойлаштириш, овқатлантириш ва шифохоналарга мурожаат қилишда муаммолар келиб чиқаётгани, малакали эллик боши ва таржимонларнинг етишмаслиги каби бир қанча масалаларни бартараф этиш, наинки республикамиздан бораётган зиёратчилар учун, балки Саудия Арабистони учун ҳам ғоят муҳим саналади.
Мазкур муаммоларни бартраф этишда Умра зиёратини ислом аҳкомлари бўйича мукаммал, хато ва камчиликларсиз амалга оширилишида ҳамда зиёратни ташкил этишдаги айрим ташкилий масалаларни тартибга солишда кўмак бериш мақсадида Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси ташкил этиш зарурати туғилди ҳамда Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоициацияси Адлия вазирлигида Давлат рўйхатидан ўтказилди.
Умра зиёратини ташкил этишда айрим сайёҳлик агентликлари томонидан йўл қўйилаётган барча камчиликларни бартараф этиш, ушбу муқаддас зиёратни ташкил этишда сайёҳлик агентликлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш, ушбу йўналишга доир малакали кадрлар тайёрлашда ўқув курсларини ташкил этиш орқали кўмак кўрсатиш мазкур ассоциациянинг асосий вазифасидир. Бир сўз билан айтганда ассоциация мамлакатимиз фуқароларини Умра зиёратларини амалга оширишларида Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони ҳукуматларига ёрдамчи бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
– Бундай уюшманинг ташкил этилиши жуда қувонарлидир, – деди Тошкент шаҳар бош имом хатиби Раҳимберди Раҳмонов. – Ўтган бир аср давомида бизда Умра ибодати бўлмаган. 1986 йилда Ўзбекистондан атиги биргина одам Умрага борган. Ушбу муқаддас сафарга мавжуд квоталарнинг олиб ташлангани эътиборга моликдир. Бундай имкониятларнинг ўзи бир саодатдир. Халқимизга бундай кунлар муборак бўлсин. Ҳамюртларимизга сифатли, одамлар мамнун бўладиган даражада хизмат кўрсатиш мазкур уюшмага насиб этсин.
Тақдимот маросимида Умра сафарини адо этишда сифатли хизмат кўрсатаётган авиакомпаниялар, сайёҳлик агентликлари тақдирланди.
Назокат Усмонова, Даврон Эрназаров (суратлар), ЎзА мухбири