“Умра” зиёрати ниқоби остидаги фирибгарлик: Фарғона ва Андижонда ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилди
"Умра" зиёратига бориш истагидаги фуқаролар ишончидан фойдаланиб, ноқонуний йўл билан даромад олаётганларга қарши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор тадбирлар ўтказмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жойларда фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб, “Умра” зиёратига юбориш ваъдаси билан ноқонуний равишда пул маблағларини қўлга киритмоқчи бўлган шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қарши кескин чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Фарғона ва Андижон вилоятларида шу каби қонунбузарлик ҳолатлари фош этилди.
Хусусан, Фарғона шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмасининг норасмий ишчиси тегишли рухсатномага эга бўлмай туриб, 2 нафар фуқарони Саудия Арабистонига “Умра” зиёратига юбориш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида у 2450 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунга ўхшаш яна бир ҳуқуқбузарлик Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида қайд этилди. Ноқонуний фаолият юритаётган туристик фирма ходими 4 нафар фуқарони муборак сафарга юбориш эвазига 4400 АҚШ доллари талаб қилгани аниқланди. ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у ўз отаси билан биргаликда 4300 АҚШ долларини олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан айни пайтда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Масъул идоралар фуқаролардан диний сафарларни ташкил этишда фақатгина тегишли лицензия ва рухсатномага эга расмий ҳамда ишончли туристик ташкилотлар хизматидан фойдаланишни сўраб, огоҳлантирмоқда.
ЎзА