Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида шу йилнинг 25 март куни вояга етмаган уч нафар бола содир этган қалтис жиноятни муҳокама этди.
Автомашинани олиб қочган болаларнинг икки нафари тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни содир этганликда гумонланиб ушланган ва қамоққа олинган.
Ички ишлар органлари ходимлари, маҳалла, таълим муассасаси мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, жиноят содир этган вояга етмаганларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари иштирок этган муҳокама чоғида жиноятнинг содир этилиш сабаблари, унга йўл очиб берган омиллар, масъуллар ва яқин қариндошларининг ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги атрофлича таҳлил қилинди. Ўғил бола тарбиясида ота-она, айниқса, отанинг, оила аъзолари бўлган эркак кишининг роли муҳимлиги қайд этилди. Термиз шаҳри, умуман вилоятда бу каби жиноятлар қайта содир этилишининг олдини олиш учун тегишли профилактик чора-тадбирлар белгиланиб, унинг юз беришига шароит яратиб берган масъуллар ва яқин қариндошларига чора кўриш лозимлиги таъкидланди.
– Инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди, – деди вилоят раҳбари. – Бу ўсмирларнинг шундай қалтис ҳаракат қилишига қандайдир омил сабаб бўлган. Уларнинг бундай ишга мойиллигини ота-она, яқин қариндош, таълим муассасаси, маҳалла-куй сезган бўлса-да, вақтида жиловламаган. Бу дунё глобаллашув жараёнларини бошдан ўтказаётган ҳозирги пайтда бола тарбиясига беэътибор бўлишнинг натижаси. Шундай экан болани ҳали ўсмир, деб назоратсиз ташлаб қўйиш жиноятга йўл очиб бермаслигига ким кафолат беради? Бундай ҳолат билан асло муроса қилиб бўлмайди. Унутманг, боланинг битта жинояти шаҳар юзини ерга қаратиши мумкин.
Мазкур жиноят муҳокамаси якунида Термиз шаҳридаги криминоген вазият ҳам чуқур таҳлил қилинди.
Қайд этилдики жорий йилнинг ўтган икки ойида вилоят маркази ҳудудида 137 та жиноят содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 та ёки 21,2 фоизга ошган. Йиғилишда Термиз шаҳар мутасаддилари, ички ишлар органлари раҳбарлари, маҳаллалар масъуллари ва профилактика инспекторларининг ҳисоботлари тингланиб, жиноятларнинг сабаблари, келиб чиқиш омиллари ўрганилди. Сектор раҳбарлари, маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори ҳамда бошқа ҳамкор идоралар масъулларининг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширган ишлари, йўл қўйган камчиликлари танқидий кўриб чиқилди. Барча турдаги жиноятларнинг олдини олиш учун келгусида “фуқаробай”, “оилабай” ва “хонадонбай” тизими ҳамда “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири