Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон –Афғонистон чегараолди савдо-иқтисодий ҳамкорлик қўшма комиссиясининг тўртинчи йиғилишида иштирок этди.
Мамлакатимиз делегациясини бугун Ҳайратон шаҳрида Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Абу Идрис ва бошқа расмийлар кутиб олди.


Бу ҳақида ЎзАга хабар берган Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатовнинг маълум қилишича, Балх вилояти губернатори қароргоҳида икки давлат ўртасида чегараолди савдо-иқтисодий ҳамкорлик қўшма комиссиясининг тўртинчи йиғилиши доирасида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо бошчилигидаги икки томон делегациясининг кенгайтирилган таркибдаги расмий музокаралари бўлиб ўтди.


Музокараларда савдо, транспорт, темир йўл ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, геология йўналишида кооперация алоқаларини ўрнатиш, табиий пардозбоп тошлар хомашёсини ҳамкорликда қайта ишлаш, қумли чанг шамолларининг салбий таъсирини камайтириш учун Амударё бўйига туташ ҳудудларда “Яшил белбоғ” ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилиш масалалари муҳокама этилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили И. Эргашев иштирок этди.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири