Улуғ байрамга тайёргарлик ишлари кўриб чиқилди
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!”
Шу кунларда жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик шодиёналарини муносиб нишонлаш, мард ва матонатли халқимизнинг қатъий иродаси, орзу-умидларининг рўёби бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг мустаҳкам асосини ўзида ифода этадиган байрам шодиёналарини жойларда кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!” шиори остида тантана қилинадиган миллий истиқлолимизнинг улуғ байрамини юксак даражада, муносиб нишонлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Чирчиқ шаҳри ва унга туташ маҳаллаларда ташкил этиладиган байрам тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказишга бағишланган сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.

Тегишли ташкилот ва корхоналарнинг масъуллари, жамоатчилик вакиллари иштирокидаги сайёр йиғилишда байрамни ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этишда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш муҳим эканлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича корхона ва ташкилотлар иштирокида саф кўриги ўтказилиб, тайёргарлик даражаси баҳоланди.

Саф кўриги давомида махсус техника ва асбоб-ускуналарнинг шайлиги, сафарбарлик ҳолати ҳамда белгиланган вазифаларни тезкорлик билан бажариш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, байрам тадбири давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда тезкор ҳаракат қилиш бўйича масъул ташкилотларнинг вазифалари белгиланди.
Т.Рўзиев, ЎзА