Маълумотга кўра, бугунги кунда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг 309 нафари (17 фоиз) чин етим, қолган 1 минг 514 нафари (83 фоиз) эса ота-онаси ёки яқин қариндошлари воз кечган болалар ҳисобланади. Ваҳоланки, бундай оилаларга ёрдам бериб, Меҳрибонлик уйларидаги 70 фоиз болаларни ўз оиласи бағрига қайтариш мумкин.
Бу ҳақда бугунги видеоселекторда Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда Навоий вилояти туман ва шаҳар Кенгашлари ташаббуси билан етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум болаларни фарзандлик, васийлик ва ҳомийликка олаётган фуқароларга бола 18 ёшга тўлгунига қадар маҳаллий бюджетдан ҳар ойда 1,2 миллион сўм тўлаб бориш амалиёти жорий қилингани ижобий тажриба сифатида айтиб ўтилди.
Ушбу вилоятда халқ таълими бўлими ва маҳалла вакиллари ҳамда профилактика инспекторидан иборат ишчи гуруҳи оиласига қайтган болалар аҳволидан хабар олиш бўйича ҳафталик назорат ўрнатган. Натижада сўнгги 3 ойда Навоий шаҳри ва Томди туманидаги 2 та Меҳрибонлик уйидаги тарбияланувчиларнинг 71 нафари, яъни 55 фоизи оиласи бағрига қайтган.
Давлатимиз раҳбари барча вилоят ҳокимларига ушбу ижобий тажрибани ўз ҳудудида жорий этишни бошлаш бўйича топшириқ берди.
ЎзА