Уфук Улуташ: Туркия – Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга кўтарилди
Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ)да Туркиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфук Улуташ иштирокида халқаро тизим трансформациясининг замонавий тенденциялари ҳамда ўзбек-турк стратегик ҳамкорлигини ривожлантиришга бағишланган очиқ маъруза ташкил қилинди.
Тадбирда дипломатик корпус вакиллари, таҳлилий марказлар экспертлари, академик ҳамжамият ва ишбилармон доиралар вакиллари, олий таълим муассасалари талабалари, шунингдек давлат идоралари ва бошқа тегишли тузилмалар вакиллари тўпланди.
МОХИ директори Жавлон Ваҳобов учрашув Aмир Темур таваллудининг 690 йиллиги нишонланаётган кунларда ўтказилиши рамзий маънога эгалигини қайд этди. Марказий Осиё мамлакатлари ва туркий дунёни бирлаштирувчи тарихий мерос ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўз навбатида элчи Уфук Улуташ ҳам жаҳон миқёсида кечаётган воқеаларга одилона ёндашув ҳақида сўз юритди. Таъкидланишича, замонавий халқаро тизим чуқур қайта шаклланиш босқичини бошдан кечирмоқда. Бу жараён башоратларга ишонч камайиши, халқаро меъёрлар самарасиз қўлланиши билан тавсифланади. Қолаверса, шаклланаётган янги воқелик – “тизимли ноаниқлик” асносида беқарорлик истисно эмас, балки глобал муҳитнинг барқарор хусусиятига айланмоқда.
Бундай шароитда Туркия ва Ўзбекистон ҳам ташқи сиёсий алоқалар самарадорлигин ошириш, ортиқча қарамликдан қочиш, стратегик ҳамкорлик доирасини кенгайтиришга интилмоқда. Шу нуқтаи назардан минтақавий шерикликни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
– Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар эндиликда шунчаки “декларатив салоҳият” доирасидан чиқиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, – дейди элчи Уфук Улуташ. – Бугунги кунда алоқаларимиз сиёсий, иқтисодий, институционал ва стратегик йўналишларни қамраб олган кўп қатламли кўриниш касб этган. Ўзбек-турк дўстлигининг ўзига хослиги азалий хусусиятлар шаклида намоён бўлмоқда.
Анжуман давомида мамлакатимиз ички ва ташқи трансформациясига алоҳида эътибор қаратилиб, мамлакат очиқ, фаол ташқи сиёсат юритаётгани, минтақавий ва халқаро миқёсдаги ўрнини тобора кучайтирди.
[gallery-28669]
Дипломат Туркия ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари ҳақида ҳам гапириб ўтди. Икки томонлама ҳамкорликни институционаллаштириш масаласига алоҳида урғу берилди. Хусусан, Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши фаолияти келишувларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш, ҳамкорлик барқарорлигини таъминлашнинг муҳим механизми сифатида қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, турк бизнеси Ўзбекистонда фаол иштирок этиб, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Aсосий муаммолардан бири сифатида транспорт занжири масаласи кўрсатилди. Ушбу муаммони ҳал этиш Марказий Осиёни халқаро савдонинг муҳим марказига айлантиришга хизмат қилувчи транзит йўлаклари ва логистика йўналишларини ривожлантириш орқали кўриб чиқилмоқда.
Туркий давлатлар ташкилотининг минтақавий ҳамкорлик платформаси сифатидаги роли тобора кучайиб бораётгани ҳам таъкидланди. Ўзбекистоннинг иштироки тузилма фаолиятига қўшимча суръат бағишлаб, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаётгани эътироф этилди.
Уфук Улумаш Яқин Шарқдаги вазиятга ҳам тўхталиб, ҳар қандай можаро халқаро тизимда чуқур инқирозни юзага келтириши, хусусан халқаро ҳуқуқий меъёрлар емирилиши, куч ишлатиш ҳолатлари ортиб боришига урғу берди.
Тадбир якунида якдил хулоса сифатида Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлиги тобора кучайиб бораётган глобал ноаниқлик шароитида барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қодир янги ҳамкорлик модели сифатида шаклланаётгани маъқулланди.
Гўзал Сатторова,
Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА