Учинчи халқаро мақом фестивали ғолиблари аниқланди
Наманганда тўрт кун давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маориф, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (“UNESCO”) ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (“ICESCO”) шафелиги остида ўтказилган учинчи халқаро мақом санъати анжумани Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” боғида тантанали ёпилиш маросими билан якунланди.
Мумтоз мусиқа ва мақом санъатини улуғлашга бағишланган нуфузли халқаро маданий тадбир доирасидаги ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, концерт дастурлари, саралаш танловлари ўзбек миллий мақом санъатини дунё миқёсида кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёшлар қалбида миллий мумтоз санъатимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш ҳамда халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.


Мамлакатимизда учинчи маротаба ўтказилган анжуманда ЮНEСКО, АЙСEСКО, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ, Туркий парламент ассамблеяси, Туркий маданият ва мерос жамғармаси каби йирик халқаро тузилмалар раҳбарлари, хорижий мамлакатларнинг маданият вазирлари, элчилар, дунёнинг 80дан зиёд давлатларидан 250 га яқин маданият ва санъат вакиллари иштирок этди.


Анжуман қатнашчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фестивалнинг тантанали очилиш маросимидаги нутқини катта қизиқиш билан тингладилар.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, халқаро мақом анжумани турли халқлар ўртасидаги маданий мулоқотни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантиришга хизмат қилаётган нуфузли майдонга айланди.
Анжуман доирасида ташкил этилган “Шарқ мақоматининг янги тенденциялари: анъана ва инновация ўртасидаги боғлиқлик” мавзусидаги халқаро илмий конференциясида олимлар, мусиқашунослар, санъатшунослар ҳамда тадқиқотчилар мақом санъатининг бугунги тараққиёт босқичлари, замонавий талқинлари, илмий изланишлар, инновацион ёндашувлар ва халқаро ҳамкорлик масалалари юзасидан маърузалар билан қатнашгани ҳолда, унинг якунида мақом санъатини асраб-авайлаш ва уни халқаро миқёсда янада кенг тарғиб этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

“Шарқ мақомоти анъаналари ва ёшлар: мерос, таълим ва келажак истиқболлари” мавзуида ёш олимлар иштирокидаги республика илмий-амалий анжуманида мақомнинг илмий тадқиқи, уни таълим тизимида ривожлантириш, ёш авлодни миллий мусиқа мероси руҳида тарбиялаш, мақом мактабларининг истиқболлари ва замонавий ривожланиш йўналишлари юзасидан маърузалар тингланиб, кенг муҳокамалар олиб борилди.

Қайд этиш жоизки, Наманган аҳли, вилоятга узоқ-яқиндан келган минглаб меҳмонлар тўрт кун давомида юртимиз ва чет-элнинг таниқли мақом ижрочилари, фольклор ва этно-жамоалар, миллий оркестрлар ҳамда санъат усталарининг ёрқин чиқишларидан завқу шавққа тўлдилар.

Хусусан, халқаро саралаш танловида Озарбайжон, Покистон, Қирғиз Республикаси, Ҳиндистон, Нидерландия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркия, Сурия, Грузия, Корея Республикаси, Япония, Туркманистон, Хитой Халқ Республикаси, Арманистон, Эрон Ислом Республикаси, Мўғулистон ҳамда мамлакатимизнинг маҳоратли ижодий жамоалари ҳамда яккахон ижрочилари синовдан ўтказилди. Танлов иштирокчиларининг ҳар бир чиқиши Озарбайжон, Франция, Туркия, Сербия, Кувайт, Канада ва Ўзбекистон вакилларидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан ижрочилик маҳорати, миллий мақом анъаналарини сақлаш ва саҳна маданияти каби муҳим мезонлар асосида баҳоланди.

Якуний концерт дастурида юртимиз мақом усталари ҳамда Покистон, Грузия, Қозоғистон каби давлатлардан келган жамоалар ўз чиқишларини ҳавола қилди. Ёпилиш маросимининг ҳаяжонлари дамлари келиб, учинчи халқаро мақом санъати анжуманининг ғолиб-совриндорлари эълон қилинди.

Анжуманнинг бош соврини – Гран-при ўзбекистонлик хонанда –Ўзбекистон давлат филармонияси Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Орифжон Эргашевга насиб этди. Юксак ижрочилик маҳорати ва миллий мақом санъатига садоқати билан халқаро ҳакамлар ҳайъатининг эътирофига сазовор бўлган ҳамюртимизга 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти тақдим қилинди.
Ўзбекистон давлат симфоник оркестри Миллий чолғулар ансамбли; озарбайжонлик Камила Набиева ва Муғом ансамбли; озарбайжонлик Нураддин Тагиев ва Теймур Жабраилов; Монголиянинг “Серендаваа Согтгерел” ансамбли фахрли биринчи ўринни эгаллашди.

Қозоғистоннинг “Қаған” этно-фольклор ансамбли; грузиялик Ошиқ Наргиле ва “Илалони” ансамбли; туркиялик Асуде Челебиоғлу ва Герчек Исмаил Ҳаққи; япониялик Шимономото Аюми, “Кото но Кай” ансамбли ва “Cспc–жапан” жамоаси фахрли иккинчи ўринга муносиб кўрилди.

Фахрли учинчи ўрин эса, “Янги Ўзбекистон” мақом ансамбли; Юнус Ражабий номидаги, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси мақом ансамбллари; Тожикистоннинг Фазлиддин Шаҳобов номидаги давлат “Шашмақом” ансамбли; “Туркман анъанавий халқ мусиқасининг классик триоси”; Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти магистр хонандалар ансамблига насиб қилди.
Халқаро танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва пул мукофотлари билан тақдирландилар. Шунингдек, фаол ижрочиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида, “Энг яхши мақом хонандаси», «Энг яхши мақом созандаси», «Энг яхши мақом устози», «Энг яхши мақом тарғиботчиси», «Энг яхши ёш мақомчи», «Энг яхши мақом бастакори» каби номинациялар бўйича иштирокчилар рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди.


Мухтасар айтганда, мақом фестивали ўзбек миллий мусиқа санъатининг бебаҳо дурдонаси бўлган мақомнинг халқаро нуфузини янада ошириш, унинг ноёб анъаналарини асраб-авайлаш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, илмий ва ижодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Наманган мезбонлик қилган учинчи халқаро мақом санъати анжумани ушбу нуфузли халқаро маданий лойиҳа изчил давом этаётганини яна бир карра намоён этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири