“Уч авлод" учрашуви ёш ходимларга шижоат улашди
Термиз шаҳридаги “Санъат саройи”да "Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида ўтказилаётган “Ёшлар ойлиги” доирасида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси фахрийлари, ўрта ёшдаги ва ёш ходимларининг “Уч авлод” учрашуви бўлиб ўтди.
Унда вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Акрам Шарафутдинов ва бошқа фахрийлар сўзга чиқиб, кўп йиллик хизмат фаолияти чоғида орттирган бой тажрибаси, касбнинг шарафли ва масъулиятли жиҳатлари, хизмат жараёнидаги синов ва машаққатлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Нуронийлар ва ички ишлар органлари ходимлари учун яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш, халқ манфаатларига сидқидилдан хизмат қилиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди. Ёш ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларга маслаҳат ва кўмак беришга ҳамиша шай эканликлари қайд этилди.

Учрашувда сўзга чиққан ўрта авлод вакиллари ва ёш ходимлари соҳада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, хизмат сифати ва самарадорлигини таъминлашга қаратилаётган юксак эътибор тўғрисида фикр алмашди. Фахрийларга самимий маслаҳат ва таклифлар учун чуқур миннатдорлик билдириб, уларга соғлик, хонадонларига файз, узоқ умр тилади.

Тадбир ёш ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликка ҳурматни мустаҳкамлаб, уларни ҳақиқий халқ хизматчиси руҳида тарбиялаш, ватанпарварлик, ҳалоллик ва ор-номус каби юксак фазилатларини янада кучайтиришга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири