Осиё футбол конфедерацияси келаси йили бўлиб ўтадиган 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати финал босқичи мезбонлигини Ўзбекистонга тақдим этганлигидан хабарингиз бор.
Мазкур чемпионатнинг саралаш босқичи учрашувлари учун қуръа ташлаш маросими ҳам айнан мамлакатимизда – “Бунёдкор” стадионининг анжуманлар залида ўтказилди.
42 иштирокчи жамоа Ғарб ва Шарқ минтақаларига бўлинган ҳолда саралаш босқичида қатнашади. Қуръа натижаларига кўра жамоалар 11та гуруҳда 15та йўлланма учун кураш олиб боришади.
Ўзбекистон терма жамоаси финал босқичи мезбони сифатида илк иштирокчига айланиб улгурган. Шунга қарамай вакилларимиз саралашда иштирок этишади ва барча ўйинлари ўртоқлик мақомида бўлади.
Ҳамюртимиз, бир неча йилдан бери ОФКда масъул лавозимда фаолият олиб бораётган Авазбек Бердиқулов раҳбарлигида ташкил этилган қуръада аввалги мезбонлар аниқланиб олинди. Сўнг рейтинг натижасига кўра саватчалардан жой олган жамоалар гуруҳларга бириктирилди. Ўзбекистон U-23 терма жамоаси саралашда "D" гуруҳида Кувайт, Саудия Арабистони ва Бангладеш терма жамоаларига қарши баҳс олиб борадиган бўлди. Мазкур гуруҳга Кувайт мезбонлик қилади.
Қуръа натижалари:
ҒАРБ минтақаси
"А" гуруҳи: Сурия, Қатар (мезбон), Яман, Шри Ланка.
"B" гуруҳи: Эрон, Тожикистон (мезбон), Ливан, Непал.
"C" гуруҳи: Ироқ, Баҳрайн (мезбон), Афғонистон, Мальдив ороллари.
"D" гуруҳи: Саудия Арабистони, Бангладеш, Кувайт (мезбон), Ўзбекистон.
"E" гуруҳи: БАА (мезбон), Уммон, Ҳиндистон, Қирғизистон.
"F" гуруҳи: Иордания (мезбон), Фаластин, Туркманистон.
ШАРҚ минтақаси
"G" гуруҳи: Австралия, Хитой, Индонезия (мезбон), Бруней.
"H" гуруҳи: Жанубий Корея, Сингапур (мезбон), Тимор-Лесте, Филиппин.
"I" гуруҳи: Вьетнам, Мьянма, Гонконг, Хитой Тайпейи (мезбон).
"J" гуруҳи: Таиланд, Малайзия, Лаос, Мўғулистон (мезбон).
"K" гуруҳи: КХДР, Япония, Камбоджа (гуруҳ мезбонлиги ҳали номаълум).
Саралаш баҳслари 23-31 октябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА