Тутинган (фостер) оилаларни қўллаб-қувватлашда янги ёндашув
Инсон манфаатини таъминлаш, ҳар бир болага меҳр ва эътибор муҳитини яратиш, айниқса, оилавий тарбиядан маҳрум қолган болаларнинг бахтли келажагини таъминлаш бугунги ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада ижтимоий ҳимоя тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш ҳамда халқаро тажрибани амалиётга кенг жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилаётган навбатдаги муҳим тадбир Бухоро шаҳридаги “Нурли маскан” 24-сон махсус мактаб-интернатида ташкил этилди.
Бу ерда “Тутинган (фостер) оилаларга ҳамроҳлик қилишда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, ижтимоий ходим ва психологларини методик қўллаб-қувватлаш супервизияси” мавзусида амалий ўқув ва тажриба алмашиш семинари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур лойиҳа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг давлат ижтимоий буюртмаси асосида SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари уюшмасининг Хоразм вилояти филиали томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳадаги асосий эътибор “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари мутахассисларининг касбий маҳоратини янада юксалтириш, уларнинг фостер оилалар ва оилавий болалар уйлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Семинар давомида иштирокчилар болаларнинг эҳтиёжларини комплекс баҳолаш, ҳар бир бола учун индивидуал ривожланиш режаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича амалий машғулотларда қатнашмоқда. Шунингдек, фостер оилаларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини мунтазам мониторинг қилиш, юзага келаётган мураккаб ижтимоий ҳолатларни таҳлил қилиш ва уларга ечим топиш бўйича замонавий ёндашувлар атрофлича муҳокама этилмоқда.
Тажриба алмашиш жараёнида иштирокчилар учун интерактив тренинглар, амалий кейслар таҳлили ҳамда супервизия машғулотлари ташкил этилиб, ижтимоий ходимлар ва психологларнинг касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби машғулотлар мутахассисларнинг фақат назарий билимларини эмас, балки ҳаётий вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, болалар ва оилалар билан самарали мулоқот ўрнатиш ҳамда ижтимоий хизматларни янада сифатли ташкил этиш қобилиятини ҳам оширмоқда.
Энг муҳими, ушбу семинар боланинг манфаатини биринчи ўринга қўйиш, уни меҳр-оқибат ва оила муҳитида камол топтириш, фостер оилаларга ҳар томонлама кўмак бериш тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса ижтимоий ҳимоя соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларнинг масъулияти ва салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Бухорода ўтказилаётган мазкур амалий семинар оддий ўқув тадбири эмас, балки эзгулик, меҳр ва инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамловчи муҳим майдондир. Бу ерда эгалланаётган билим ва тажрибалар эртага юзлаб болалар тақдирида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади. Зеро, ҳар бир боланинг бахтли келажаги — кучли жамият ва тараққий этган давлатнинг энг катта бойлигидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири