“Турон” мактаб театри янги истеъдодларни кашф этмоқда
Жиззах вилоятида мактаб ўқувчилари ўртасида театр санъатини оммалаштириш, ёш авлоднинг ижодий салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган “Турон” мактаб театри танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Вилоятдаги 567 та умумтаълим мактабидан 2 мингдан ортиқ жамоанинг танловга қизиқиш билдириши мазкур ташаббуснинг нақадар долзарб ва оммавий тус олганини кўрсатади. Туман ва шаҳар босқичларида 500 дан зиёд жамоа, 4 мингдан ортиқ ўқувчи иштирок этгани эса ёшларнинг санъатга бўлган интилиши ортиб бораётганидан далолатдир.
Жорий йил 6 апрель куни Жиззах вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтган вилоят босқичида 13 та сара жамоа ўзаро баҳслашди. Иштирокчилар саҳна маданияти, бадиий талқин, образ яратиш маҳорати ва жамоавий уйғунлик каби мезонлар асосида баҳоланди. Ҳакамлар ҳайъатида таниқли театр арбоблари иштирок этиб, ёш ижодкорларнинг чиқишларига холис ва профессионал баҳо берди.
Танлов натижаларига кўра, Зомин туманидаги 65-мактабнинг “Илҳом” жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўрин Янгиобод тумани жамоасига, учинчи ўрин эса Шароф Рашидов тумани вакилларига насиб этди.
[gallery-28596]
Мазкур танлов нафақат ғолибларни аниқлаш, балки мактабларда театр студиялари фаолиятини рағбатлантириш, ўқувчиларда нутқ маданияти, эркин фикрлаш ва жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари