Туркманистон Президенти билан телефон орқали мулоқот тўғрисида
2016 йил 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
2016 йил 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон мустақиллигининг 25 йиллик шонли санаси муносабати билан чин қалбдан самимий табриклаб, унга давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятига янги муваффақиятлар, дўст туркман халқига фаровонлик ва бардавом тараққиёт тилади.
Ўз навбатида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов самимий қутловлар учун чуқур миннатдорлик билдириб, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик, осойишталик ва равнақ тилаган шахсий истакларини изҳор этди.
Суҳбат чоғида тарихан қисқа вақт ичида Туркманистон кенг кўламли социал-иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий-сиёсий ўзгаришларнинг пухта ўйланган стратегиясини амалга оширгани туфайли истеъдодли ва меҳнатсевар туркман халқи фаровонлигини муттасил юксалтириш, маънавий янгиланиш, шунингдек, халқаро майдонда мамлакат нуфузини ошириш борасида салмоқли ютуқ ва марраларга эришгани таъкидланди.
Халқларимизни кўп асрлик самимий дўстлик ва қардошлик, яқин қўшничилик ришталари, муштарак анъана, урф-одат ва маданий қадриятлар боғлаб туради. Бу узоқ муддатли, кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш учун мустаҳкам ва барқарор асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари яқинда турли даражада ўтказилган икки томонлама учрашувлар доирасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари бўйича эришилган келишувлар ижроси қандай бораётгани хусусида фикр алмашдилар.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркманистон дўст халқларимиз фаровонлиги, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида кенг кўламли ўзаро ҳамкорликни ҳамда долзарб халқаро масалалар юзасидан амалий, ишончли ва очиқ мулоқотни изчил давом эттиришга тайёрлигини билдирдилар.