Туркиянинг “Daily Sabah” нашри Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё интеграциясидаги тарихий ролини эътироф этди
Туркиянинг нуфузли “Daily Sabah” нашри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ўрнига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилди. Мақолада Ўзбекистон раҳбарининг оқилона ташқи сиёсати туфайли минтақада мутлақо янги геосиёсий муҳит ҳамда ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик ришталари шакллангани алоҳида эътироф этилган.
“Марказий Осиёда ҳамкорликнинг янги даври” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўшни давлатлар билан очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка устувор аҳамият берилаётгани таъкидланган.
Нашрнинг қайд этишича, Ўзбекистон 2016 йилдан бошлаб қўшни давлатлар билан муносабатда янги ёндашувни танлади. Тўғридан-тўғри мулоқот кенгайди. Мавжуд муаммоларни музокара орқали ҳал этишга эътибор кучайди. Халқлар ўртасидаги алоқалар ҳам фаоллашди. Бу ўзгаришлар давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
Мақолада Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликнинг муҳим майдони сифатида кўрсатилган. Бу формат раҳбарларга умумий муаммоларни бевосита муҳокама қилиш ва ўзаро мақбул ечим топиш имконини беради.
“Daily Sabah” минтақавий ҳамкорликнинг амалий натижаларига ҳам эътибор қаратган.
Чегаралардан ўтишни енгиллаштириш, янги транспорт йўналишларини очиш, савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтириш шулар жумласидан. Энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам муҳим йўналиш сифатида қайд этилган.
Нашр Марказий Осиёда ҳали ечимини кутаётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтган. Сув танқислиги, экологик хавф-хатар, иқтисодий ривожланишдаги тафовут ва хавфсизлик масаласи шулар қаторига киради. Уларни ҳал этиш учун музокараларни давом эттириш, ҳар бир давлат манфаатларини ҳисобга олиш ва минтақанинг келажагини биргаликда ўйлаш зарурлиги айтилган.
Мақола якунида Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни ташқи сиёсатнинг устувор йўналишига айлантиришга интилаётгани қайд этилган. Нашр фикрича, бу ёндашув Марказий Осиёда мулоқотни фаоллаштириш ва умумий тараққиёт учун янги имконият яратишга хизмат қилмоқда.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА