Хабар қилганимиздек, Фарғона вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Туркияда бўлиб, ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида самарали мулоқотлар олиб борди.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишда Туркия етакчи ўринни эгаллайди. Қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда ҳамкорлик кўламининг кенгайиши эса истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга йўл очмоқда. Туркияга бўлган ташриф ҳам бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Делегация вакиллари “Karakaya 86”, “Gürsoy Grup”, “KC Kimya” ҳамда “Farmicca” компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Учрашувларда ҳамкорликнинг аниқ истиқболлари белгилаб олинди, вилоят ҳудудида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Тупроқсиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган “Farmicca Tarım Teknolojileri A.Ş.” компанияси таъсисчилари Жем Сезер ва Билал Ширин билан ўтказилган учрашувда вилоятда ақлли технологияларга асосланган, гидропоника усулида экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этиш инвестицион лойиҳаси бўйича келишувга эришилди.
Қисқа муддатда компания томонидан мажмуа лойиҳаси ишлаб чиқилишига ҳамда музокараларни давом эттириш учун Фарғонага ташриф ташкил этилиши белгиланди. Вилоят вакиллари “Farmicca” компаниясида тупроқсиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш усуллари билан ҳам танишди. Дунёда 5 тагина ривожланган мамлакатда бундай юқори технологик тупроқсиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш компаниялари мавжуд бўлиб, Туркияда ушбу лойиҳа 10 миллион доллар сармоя ҳисобига амалга оширилган.

Металлар учун электростатик кукун бўёқ ишлаб чиқаришда Туркиянинг энг пешқадам компанияларидан бири бўлган “KC Kimya A.Ş.” компанияси бошқарув кенгаши раиси Жебраил Камажи ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари дунёнинг кўплаб мамлакатларига, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам экспорт қилинаётганини, мамлакатимиздаги мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари тобора ошиб бораётган талаб учун етарли эмаслигидан хабардор эканини қайд этди.
“KC Kimya” томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш режасини Фарғонада амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Компания раҳбарлари июнь ойи охирги ўн кунлигида музокараларни давом эттириш учун Фарғонага келадиган бўлди.
Вилоят ҳокими бошчилигидаги Фарғона делегацияси аъзолари автомобилсозлик саноатида катафорез усулида метал юзасига ишлов беришга ихтисослашган, Туркиянинг турли ҳудудларида 6 та ишлаб чиқариш корхонасига эга бўлган “Karakaya 86” компанияси ишлаб чиқариш мажмуасида ҳам бўлдилар.
Компания раҳбари Хасан Каракая Ўзбекистонда, қолаверса, Марказий Осиё минтақасида автомобилсозлик соҳаси жадал ривожланиб бораётгани, бу катта салоҳиятли бозорга қизиқиши юқори эканини билдирди. Фарғонада инвестицион ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш борасида ҳамкорликда иш ташкил этиладиган бўлди.
“Gürsoy Grup” таркибига кирувчи, темир йўллари қурилишида ишлатиладиган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Gürmak Demiryolu” компанияси бошқарув кенгаши раҳбари Мехмет Гюрсой билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистонда темир йўллар соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган йирик лойиҳалар ҳақида сўз борди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши тўғрисида бир неча кун аввал имзоланган битимнинг аҳамиятига алоҳида тўхталган Мехмет Гюрсой ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этишга ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини Фарғонада маҳаллийлаштиришга тайёр эканликларини билдирди. Бу борада мутасадди идоралар билан биргаликда музокараларни давом эттиришга келишилди. Ташриф давомида Истанбулда қатор ишбилармонлар ҳамда инвесторлар билан самарали B2G учрашувлари ўтказилди.

“Tek Enerji”, “BT Tarım”, “Oghma international eğitim”, “Pimek Tekstil”, “Renzo Rinaldi”, “Tahwil Health Tour”, “Gul Production”, “Clinic Ego, Gen Investment”, “Inter Asya” каби компаниялар раҳбарлари билан ўтказилган музокараларда мини-ГЭСлар қуриш, қишлоқ хўжалиги уруғчилиги, халқаро сертификатларга эга касбий таълим, текстиль, гиламчилик, тиббиёт, туризм, шу жумладан, тиббиёт ва кино туризми, автомобилсозлик каби соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, вилоят ҳудудида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Вилоятдаги “Ferantep Gilam” корхонасининг Туркиядаги ҳамкори бўлган “Pimek Tekstil” компанияси раҳбари Йилмаз Осман билан ўтказилган учрашувда Фарғонада умумий қиймати 30 миллион доллар бўлган иккита янги ишлаб чиқариш линиясини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Сармоядор Абдуллаҳ Сарикайа фарғоналик тадбиркор Нодирбек Рўзибоев билан ҳамкорликда вилоятда “Renzo Rinaldi” бренди остида тикувчилик корхонаси лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. Вилоят раҳбари ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун ҳар томонлама кўмак берилишини билдирди.
“Marmara Group” бошқарув кенгаши аъзолари Кадир Йелбей ва Жиҳан Санжак билан ўтказилган учрашувда халқаро тан олинган сертификатларга эга касбий таълим тизимини жорий этиш, шунингдек, Фарғонада замонавий тиш клиникаси ҳамда диагностика маркази барпо этиш юзасидан келишувга эришилди, ушбу ишбилармонларнинг яқин кунларда вилоятга ташрифи белгиланди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири