Туркиядаги мактаб фожеалари — "Одамлар мен қилган мусибатни ҳис қилиши керак..." (+видео)
2026 йил апрель ойида Туркияда кетма-кет содир бўлган мактаб отишмалари мамлакатни ларзага солди. 14 апрель куни Шанлиурфада 18 ёшли собиқ ўқувчи мактаб ҳудудида ўт очиб, камида 16 кишини яралади. Орадан бир кун ўтиб, 15 апрель куни Қаҳрамонмарашда 14 ёшли ўқувчи мактабга қурол олиб кириб, саккиз нафар ўқувчи ва бир нафар ўқитувчини отиб ўлдирди, яна йигирмага яқин кишини жароҳатлади.
Дастлабки тергов маълумотлари ҳужумнинг тасодиф эмаслигини кўрсатмоқда. Прокуратура ҳужумчи Иса Арас Мерсинлининг компьютеридан 11 апрель санаси билан ёзилган ҳужжатни аниқлади. Унда “яқин келажакда катта ҳужум амалга оширилади” деган мазмундаги ёзув бор эди.
Бу эса воқеа олдиндан ўйланганини англатади. Шунингдек, ўсмир жиноятда отасига тегишли бўлган бешта тўппончадан фойдаланган. Унинг отаси ҳуқуқ-тартибот тизими ходими бўлиб, ҳозирда тергов доирасида қамоққа олинган.
Маълум бўлишича, у ўғлини олдинроқ отиш майдонига олиб бориб, қурол ишлатишни ўргатган. Ҳужумчининг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ҳам алоҳида эътибор марказида. Полиция унинг WhatsApp профилида 2014 йилда АҚШда оммавий қотиллик содир этган Эллиот Рожерга оид тасвир бўлганини маълум қилди. Бу ҳолат мотивлари ўхшашми ёки йўқми деган саволни очиқ қолдиради, бироқ айрим зўравонлик актлари ўртасида ғоявий ёки психологик боғлиқлик бўлиши мумкин.
Воқеалар ортидан айрим ҳудудларда мактаблар вақтинча ёпилди, ўқувчилар бошқа таълим муассасаларига йўналтирилди. Ота-оналар орасида хавотир кучайиб, баъзи жойларда болаларни вақтинча мактабга юбормаслик ҳолатлари ҳам кузатилди. Бироқ бу ҳолат умумий тизимли жараён эмас, балки асосан воқеалар содир бўлган ҳудудларга хос вақтинчалик вазият сифатида баҳоланмоқда.
Мазкур ҳодисаларни фақат фактлар доирасида кўриш етарли эмас. Уларнинг ортида кўринмайдиган, аммо ҳал қилувчи омиллар мавжуд. Ҳужумчилардан бири қолдирган кундалик ёзувлари шуни кўрсатадики, у ўзини жамиятдан ажралган, тан олинмаган шахс сифатида ҳис қилган. “Одамлар мен қилган мусибатни ҳис қилишлари керак — шундагина мени пайқашади”, деган жумла бу жараённинг энг кескин ифодасидир.
Мутахассислар бундай ҳолатларда муҳим бир жиҳатга эътибор қаратади: ўсмирлар кўпинча эътибор етишмаслиги, рад этилиш ҳисси ва ички босимни бошқара олмаслик билан курашади. Агар бу ҳолат вақтида сезилмаса, у нотўғри йўлга бурилиши мумкин. Шу сабабли бу каби ҳодисалар хавфсизликдан ташқари руҳий ва ижтимоий омилларни ҳам биргаликда таҳлил қилиш зарурлигини яна бир бор эслатгандек.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/fCdWKhPjTAs?si=B8IH48uBJsvvVYjM" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мунира Ниязимбетова, Нишонбой Абдувоитов, Искандар Исматов, ЎзА