Туркияда узлуксиз 3 йил яшаб келган ўзбекистонликлар 1 мартдан бошлаб ишлаш хуқуқини берувчи рухсатнома олиши мумкин
Айни пайт Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси вакиллари турли вазирлик, идораларда учрашув ва музокаралар ўтказмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев Туркия Республикаси Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазири Ведат Ишикхан билан учрашди.

Мулоқот давомида мавжуд ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, қонуний ва ҳимояланган меҳнат миграциясини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим масалалар кўриб чиқилди. Томонлар бир неча муҳим келишувга эришди. Масалан, ушбу қардош юртда ноқонуний мақомда юрган ватандошларимизни депортациясиз легаллаштириш амалиётини давом эттириш, узлуксиз 3 йил яшаб келганларга 1 мартдан бошлаб, илк бор ишлаш хуқуқини берувчи рухсатнома тақдим этиш, Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги "İSKUR" ташкилоти томонидан талаб юқори бўлган касбларни марказлаштириб, Миграция агентлигига талабнома юбориш каби масалалар бўйича Битим имзолашга келишиб олинди.

Г.Сатторова, ЎзА