Туркияда ўрмон ёнғини туфайли 6 киши ҳибсга олинди
Бу йил ҳам Туркия ўрмонлари аланга ичида қолмоқда. Яқинда мамлакат расмийлари ўрмон ёнғинига қарши самарали кураш олиб борилгани, олов ўчоқлари деярли бартараф этилгани ҳақида баёнот берди. Шу билан бирга ўт чиқишида гумонланган шахслар судга тортилаётгани ҳақида ҳам хабар берилди.
Мамлакат адлия вазири Оқин Гурлакнинг сўзларига кўра, жорий йил 1 июндан бери 16 вилоятда содир бўлган 44 ёнғин бўйича суд тергови доирасида 29 гумондор белгиланган. Улардан 6 нафари аллақачон ҳибсга олинган, тўққиз кишига нисбатан суд назорати чораси қўзғатилган, қолганлари бўйича тергов давом этяпти.
Мулозим ҳар бир иш воқеа жойини текшириш натижаси, видео кузатув ёзуви, гувоҳлар кўрсатмаси, эксперт хулосаси ва техник маълумот асосида тергов қилинаётганини таъкидлади. Шунингдек, ёнғин қасддан ёки бепарволикдан келиб чиққанидан қатъи назар, айбдорларга нисбатан жазо чоралари кўрилишидан яна бир бор огоҳлантирди.
С.Раҳимов, ЎзА