Туркия учун демократия ва миллий бирлик куни
Самарқанд шаҳридаги Туркия Республикасининг Бош консулхонасида “Демократия ва миллий бирлик куни” муносабати билан хотира тадбири ўтказилди.
2016 йил 15 июль куни Туркияда содир этилган ҳарбий тўнтаришга уриниш қурбонлари хотирасига бағишланган тадбирда вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари ҳамда Самарқандда яшаб, меҳнат қилаётган туркияликлар иштирок этди.
Туркиянинг Самарқанддаги Бош консули Сердар Дениз 2016 йил 15 июль куни Фетуллоҳчи террор ташкилоти (ФEТО) томонидан ушбу мамлакатда давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш содир этилгани, лекин халқнинг бирдамлиги ва давлатнинг демократик сиёсатини қўллаб-қувватлагани туфайли террорчиларнинг ёвуз нияти амалга ошмаганини қайд этди.

– Давлат тўнтаришига уриниш пайтида 253 нафар юртдошимиз ҳалок бўлди, 2 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олди, – деди Сердар Дениз. – Улар мамлакат ва миллат мустақиллиги учун ҳеч нарсадан қўрқмадилар, ҳатто танклар олдига чиқиб, таналарини қалқон қилдилар. Уларнинг ватанпарварлиги туфайли халқ ва миллат учун, тинчлиги учун жонини ҳам аямаганлиги ўша тун зулматини ёруғликка айлантирди. Халқимизнинг қатъий қаршилиги туфайли давлат тўнтаришига йўл қўйилмади. Шунинг учун биз ўн йилдан буён 15 июлни “Демократия ва миллий бирлик куни” сифатида нишонлаймиз.

Консулнинг қайд этишича, ФEТО фақат диний шиорлардан фойдаланувчи тузилма эмас, балки узоқ йиллар давомида давлат институтларига сингиб боришга уринган террорчилик ва жосуслик ташкилотидир. Шунинг учун ҳам Туркия давлати мазкур ташкилотга қарши курашни мамлакат хавфсизлигининг устувор вазифаларидан бири, деб ҳисоблайди.
Тадбирда 2016 йил 15 июль воқеалари акс этган видеолавҳа намойиш этилди ҳамда террорчиларга қарши кураш қурбонлари хотирасига эҳтиром бажо келтирилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири