Туркия қирғоғида навбатдаги номаълум дрон топилди
Туркиянинг Қора денгиз соҳилида яна ҳарбий дрон топилди. Бундай ҳолат тез-тез такрорланиши минтақадаги хавфсизлик ва ҳарбий вазиятга оид саволларни янада кучайтирмоқда.
Қора денгиз бўйида жойлашган Бартин музофоти Курукашили тумани қумли соҳилида ҳарбийлаштирилган учувчисиз учоқ топилди. Воқеа жойига етиб келган жандармерия ходимлари дарҳол ҳудудда эвакуация амалиётини ўтказди ва хавфсизлик чорасини кучайтирди. Ҳозирча ушбу дрон қайси давлат ёки ташкилотга тегишлилиги аниқланмаган.
Туркияда бундай ҳолат аввал ҳам кузатилган. Шу йил март ойида Орду шаҳри яқинидаги соҳилда ҳам бошқарувчисиз қайиқ топилган ва мутахассислар томонидан зарарсизлантирилган эди. Орадан бир неча ой ўтиб, Самсун шаҳрида ҳам дрон қулагани ҳақида хабар тарқалди. Кейинроқ маҳаллий матбуот қурилма Украинага тегишли бўлиши мумкинлигини ёзди.
Ўтган йил сентябрда эса Трабзон музофотида 300 килограмм портловчи модда ортилган дрон-қайиқ кўзга ташланди. Экспертлар фикрича, Буюк Британия томонидан Украинага тақдим этилган “Wasp” ва “Snapper” таснифидаги дронларга ўхшаш мазкур аслаҳаларнинг Қора денгизда пайдо бўлиши ҳудуддаги ҳарбий вазият билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ф.Яхшибоева, ЎзА