Туркий кенгаш қароргоҳида Ўзбекистон байроғи ҳилпирайди
Туркий тилда сўзлашувчи мамлакатларнинг давлат бошлиқлари 1990-йилларнинг бошидаёқ тили, дили, маданияти ва диний эътиқодлари умумий бўлган қардош халқларнинг тенг ҳуқуқли ҳамжамияти тамал тошини қўйган эдилар.
Юртимиз Ўзбекистон Евроосиё қитъасининг марказидан жой олган, америкалик сиёсатчи ва геополитика мутахассиси Збигнев Бзежинскийнинг таъбири билан айтганда, “Евроосиёнинг юраги” мақомидаги давлатдир.
Унинг минг йиллик тарихи, маданияти, сиёсий анъаналари ва геополитик жойлашувининг ўзи аввало қўшнилар, сўнгра дунёдаги қардош мамлакатлар ва ҳар қандай прогрессив давлат бирлашмалари билан тенг ҳуқуқли алоқа ва дўстона мулоқотларни ўрнатиш, геосиёсий ва геостратегик мувозанатни доимий равишда бир маромда сақлашни тақозо этади.
Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (Туркий Кенгаш)га тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб кириши муносабати билан жаҳон сиёсатининг диққати мамлакатимизга қаратилди ва бу қадам дунё сиёсий доираларида ижобий акс-садо берди...
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (Туркий Кенгаш) (озарбайжонча Türk Şurası, қозоқча Түркқ кеңесқ, қирғизча Түрк кеңеши, туркча Türk Keneşi, ўзбекча Turkiy Kengash) – турк дунёси мамлакатлари мулоқоти ва ҳамкорлигини ривожлантириш учун ташкил этилган халқаро платформадир. Ушбу кенгаш сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданият ва спортга оид барча масалада ҳамкорлик қилишни назарда тутади. Ташкилот таркиби туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Бокудаги Парламент ассамблеяси, Нур-Султонда Турк академияси, Анқарада турк маданияти халқаро ташкилоти (ТуркСОЙ) ва Котибиятдан ташкил топган. Котибият Истанбул шаҳрида жойлашган. Турк кенгаши яқинда Будапештда ўз ваколатхонасини очди. Қозоғистоннинг Биринчи Президенти ва турк дунёсининг доно сиёсатчиси Нурсултон Назарбоев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифи билан барча аъзо давлатлар раҳбарларининг якдил қарорига кўра, Турк кенгашининг фахрий президенти вазифасини бажаради.
Туркия Республикасининг собиқ Бош вазири марҳум Турғут Ўзолнинг ўтган асрнинг 1990-йиллари бошида машҳур бўлган таъбири билан айтганда, «Чин деворидан Болқонларга қадар узанган турк дунёси»... ҳақиқатан ҳам уч қитъага — Беринг бўғозидан Ўрта Ер денгизига қадар ёйилган муаззам географияда яшовчи 250 миллиондан ортиқ туркий тилларда сўзлашувчи аҳолини ва 6 мустақил туркий давлатлар — Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Россия Федерацияси, Хитой, Молдавия каби давлатлардаги мухтор жумҳуриятлар ва вилоятларни ўзида мужассам этган турк дунёсининг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва эътибори кундан-кунга ошиб бормоқда.
Туркий тилда сўзлашувчи мамлакатларнинг давлат бошлиқлари 1990-йилларнинг бошидаёқ тили, дили, маданияти ва диний эътиқодлари умумий бўлган қардош халқларнинг тенг ҳуқуқли ҳамжамияти тамал тошини қўйган эдилар.
2009 йилда Озарбайжон Республикасининг Нахичеван шаҳрида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаси давлат раҳбарлари бу дўстлик ва ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадида мазкур халқаро ташкилот — Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш хусусида келишиб олдилар. Бу халқаро ташкилотнинг мақсади аъзо мамлакатлар ўртасида азалий қардошликни мустаҳкамлаш баробарида дунё ва минтақавий муаммолар бўйича сиёсий маслаҳатлашувларни кучайтириш, иқтисодий ва техникавий ҳамкорликни, илм-фан, санъат ва маданият соҳасида ҳамда Туркий дунёнинг моддий ва маънавий маданиятини асраш ва янада ривожлантириш борасида ҳамкорликни юқори савияга кўтаришдир.
Туркий Кенгаш йиғилишлари 2010 йилда Истанбулда, 2011 йилда Олматада, 2012 йилда Бишкекда, 2013 йилда Озарбайжоннинг Гебеле шаҳрида, 2013 йилда Туркиянинг Бодрум шаҳрида, 2015 йилда Остонада ташкил этилди. Бу йиғилишларда Туркий дунёнинг интеграцияси ва ҳамжиҳат тараққиёти билан боғлиқ бўлган кўплаб масалалар муҳокама қилинганди. 2012 йилги Бишкек учрашувида таълим, илм-фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик, 2013 йилги Гебеле шаҳридаги учрашувда алоқа ва коммуникациялар, 2014 йилги Бодрумдаги саммитда туризмни ривожлантириш, 2015 йилдаги Остона учрашувида оммавий ахборот воситалари ва ахборотлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган ва муҳим ҳаётий қарорлар чиқарилган эди.
Туркия Республикасининг Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 2018 йилда Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиш ва Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтадиган навбатдаги саммитда иштирок этишни таклиф қилган эди.
2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг саммити бўлиб ўтган эди. Унда ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар – Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Республикаси Бош вазири Виктор Орбан анжуманда фахрий меҳмон сифатида қатнашган эди.
Бунгача 2018 йилдаги Туркия Республикасига давлат ташрифи чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг Истанбулдаги офисида тез орада Ўзбекистон Республикаси байроғи ҳам ҳилпирашини, мамлакатимизнинг кенгашга аъзо бўлиб кириши муждасини берган эди ва бу хабар турк дунёсида катта мамнуният билан қабул қилинганди. Кенгашнинг Чўлпонота шаҳридаги 2018 йилги саммитида Президентимиз таъкидлаганидек: Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз...
Давлатимиз раҳбари алоҳида эътироф этганидек, мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда... Президентимиз Ўзбекистоннинг Туркий Кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёдга ошганини маълум қилган эди.
Ўзбекистон Президенти бу кўрсаткичлардан анча юқори марраларга эришиш зарурлигини таъкидлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. Аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Транспорт йўналишларининг интеграциялашган тармоғини яратиш, дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқиш масаласига эътибор қаратди. Мамлакатларни инновацион асосда ривожлантириш, бу соҳага масъул бўлган идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Қадимий Буюк Ипак йўлининг муҳим нуқталарида жойлашган туркий тилли мамлакатлардаги бой маданий мерос туризмни ривожлантириш бўйича улкан имконият эканлиги, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш халқларимизни янада яқинлаштириши Президентимиз томонидан алоҳида қайд этилган эди.
Президентимиз саммитдаги нутқида Ўзбекистоннинг қадимий Хива шаҳрини 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди. Ҳақиқатан ҳам, дунёдаги ягона музей-шаҳар мақомидаги ва ўрта асрлардаги туркий цивилизациянинг ноёб маданий ва меъморий обидаси бўлган Ўзбекистон инжуси Хива шаҳри бундай юксак эътирофга лойиқдир.
Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳридаги тарихий саммитдан кейинги даврда мамлакатимизнинг Турк Кенгашига аъзо бўлиб кириши учун амалий қадамлар ташланди. Хусусан, мамлакатимизнинг ушбу обрўли халқаро ташкилотга аъзо бўлиб киришининг сиёсий ва ҳуқуқий томонлари синчиклаб ўрганилди ва у Ўзбекистонннинг миллий манфаатлари ҳамда тинчликпарвар халқаро сиёсатига уйғун келиши тўғрисида хулосага келинди. “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 2019 йил 14 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.
Ўзбекистоннинг Туркий Кенгашга аъзолиги қардош туркий давлатлар раҳбарияти томонидан катта қувонч ва қониқиш билан кутиб олинди. Қатор чет эл ОАВларида бу хусусда бир қанча таҳлилий мақолалар эълон қилинди.
Қирғизистон Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (Турк Кенгаши) га аъзо бўлиб киришини табриклайди. Бу ҳақда ҳозирда Турк Кенгаши раислигини юритаётган Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти эълон қилинди.
“Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига раислик қилаётган Қирғизистон Республикаси Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзолиги борасидаги қарорини Қирғизистон раислиги вақтида қабул қилинишини табриклайди”, — дейилади баёнотда. Мазкур баёнотда таъкидланишича, қардош Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзолик масаласи ўтган йили Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган эди. Келиб тушган мурожаатга биноан Қирғизистон томони бу масала юзасидан аъзо давлатларни зудлик билан хабардор қилган. “Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг мазкур тарихий қарори ташкилот фаолиятига янгича руҳ бағишлайди ва туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга ҳисса қўшади”, — дейилади Қирғизистон ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида.
Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Ўзбекистоннинг Нахичеван келишуви ратификациясининг якунлаши туркий тилли давлатлар бирдамлигини мустаҳкамлашда навбатдаги муҳим воқеа бўлганини эътироф этди. “Ўзбекистон Республикасининг Турк Кенгашида ўзини тақдим этиш қарори бизнинг кўп асрлик чуқур илдизларга асосланган маданий ва тарихий қардошлигимизни янада ривожлантириш, замон талабларига мувофиқ туркий тилли давлатлар манфаати, фаровонлиги нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига қўшилиши ҳақидаги тарихий қарорнинг Нахичеван келишуви имзоланишининг 10 йиллик санасига тўғри келишида Озарбайжон Республикаси учун алоҳида рамзий маъно бор. Шу йилнинг 15 октябрь куни Бокуда бўлиб ўтадиган Турк Кенгашининг 7-саммитида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги қардош Ўзбекистон делегациясини қарши олиш кўнгилли хушхабар ва улкан шарафдир”, дейилади келгуси йилда Туркий Кенгаш раислигини юритадиган Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.
Туркия Республикаси Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзолиги борасидаги қарорини мамнуният билан кутиб олди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган баёнотда таъкидланишича, “Тошкентнинг ташкилотга тўлақонли аъзолиги турк тилли мамлакатларнинг бирдамлигига ҳисса қўшади, ҳамкорликни чуқурлаштиради, халқларнинг фаровонлиги йўлида қилинаётган ишларнинг даражасини юксалтиради”.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистонимизнинг қардош халқлар билан азалий дўстлик алоқаларини янада юқори поғонага кўтариш стратегияси минтақа ва жаҳонда тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, Президентимизнинг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистоннинг қардош, қўшни давлатлар ва узоқ-яқиндаги дунё мамлакатлари билан дўстона алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганини тасдиқлайди.
Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,
Самарқанд давлат университети
филология факультети декани, профессор