ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Халқаро Турк маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ) ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида “Туркий дунё аёл ҳунармандлари” халқаро кўргазмаси ўтказилмоқда.
Мазкур кўргазма ғояси 2023 йил апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган ТУРКСОЙга аъзо давлатлар рассомлари кўргазмаси давомида, истиқболли режалар ва лойиҳалар муҳокамаси чоғида туғилган. Лойиҳа сайёр кўргазма шаклида ташкил қилинган бўлиб, унинг илк намойиши 2024 йил Бишкекда Г.Айтиев номидаги Миллий санъат музейида муваффақиятли ўтказилган.
Бугунги кунда жамиятда гендер мувозанатини таъминлаш, аёлларнинг турли соҳалардаги фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.
Асрлар давомида туркий халқларда аёллар фақатгина оила устуни бўлибгина қолмай, тарих ва маданият ривожида ҳам муҳим ўринни эгаллаган. Уларнинг истеъдоди эса анъанавий ҳунармандчиликда ўз ифодасини топган. Гилам тўқиш, каштачилик ва намат босиш каби санъат турлари шулар жумласидандир. Ушбу асарлар турли мамлакат музейларидан жой олган бўлиб, гўзаллик, уйғунлик ва маънавий бойликни ўзида мужассам этган.
Бугунги кўргазмада туркий халқларнинг генетик хотирасини ўз ичига олган асарлар билан бир бирга, умуминсоний қадриятларни акс эттирувчи ва турли услубларда яратилган ишлар намойиш этилмоқда.
[gallery-22972]
Кўргазма орқали нафақат туркий дунё аёллари ижодига оид замонавий тасвирий санъат билан танишиш, балки маданият ва санъат тараққиёти учун зарур бўлган анъанавий ва маънавий бирликни ҳис этиш имкони ҳам яратилган.
Экспозиция залларида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон рассом аёлларининг асарлари ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилган. Ушбу санъат намуналари ўзига хос услуби ва талқини билан томошабинларда ёрқин таассурот қолдирмоқда.
Камола Юсупова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА