Туркий давлатлар муфтийлари 3 та баёнот ва 6 та фатвони имзолади
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунига кўра, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон муфтийлари томонидан долзарб диний ва ижтимоий масалаларга бағишланган 3 та баёнот ҳамда 6 та фатво имзоланди.
Хусусан, «Исломнинг илм-фан ва технологияга ёндашуви» мавзусидаги баёнотда инсон фаровонлигига хизмат қиладиган илмий ва технологик ютуқларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди. Шу билан бирга, илм-фан ва технология тараққиёти юксак ахлоқий мезонлар, адолат ва масъулият тамойиллари асосида олиб борилиши зарурлиги таъкидланди.


«Мусулмонлиги маълум бўлган шахсни кофирга чиқаришнинг ҳукми» номли баёнотда эса Ислом таълимотига кўра, калимаи шаҳодат келтирган ва қибла аҳлидан бўлган шахс мусулмон ҳисобланиши таъкидланди. Унинг гуноҳи ёки амалдаги камчилиги сабабли уни куфрда айблаш, яъни такфир қилиш қатъиян ман этилиши қайд этилди.
Муфтийлар жамиятда фитна, низо ва қон тўкилишларга олиб келиши мумкин бўлган такфирчилик ғояларига қарши илмий-маърифий ишларини кучайтириш ҳамда мусулмонлар бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигини билдирдилар.

«Оила қуришга тарғиб қилиш, уни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир умумий масъулият» мавзусидаги баёнотда оиланинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Унда оила никоҳ асосида шаклланадиган, соғлом авлод тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминлайдиган муҳим ижтимоий институт сифатида баҳоланди. Муфтийлар оила институтини асраш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда миллий ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида ҳамжиҳатликни кучайтиришга чақирдилар.

Йиғилиш доирасида, шунингдек, «Битта қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этишнинг ҳукми», «Ижарага берилган деҳқончилик ерларининг ушри», «Фатво сўраш ва фатво беришда сунъий идрокдан фойдаланиш масаласи», «Жума намози дуруст бўлишининг шартлари», ҳижрий ой бошланишини аниқлаш мезонлари ҳамда такфир масалаларига оид 6 та фатво матни ҳам имзоланди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА