Туризмда хизмат турлари ва сифати оширилмоқда
Бухоронинг сайёҳлик салоҳияти юқори бўлиб, тарихий қадамжолари маҳаллий ва хорижий туристларни ҳамиша ўзига жалб этади.
Вилоятда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали туризм хизматлари ҳажмини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Туризм бизнеси бўйича 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 21 та янги катта-кичик жойлаштириш воситалари (179 та хона, 432 та ўрин) ишга тушиши ҳисобига уларнинг умумий сони 430 тага (4725 та хона, 10862 та ўрин) етди.
Бунда йирик меҳмонхоналар 171 тага (3533 та хона, 7390 та ўрин), оилавий меҳмон уйлари 203 тага (710 та хона, 1893 та ўрин), ҳостеллар 54 тага (448 та хона, 1518 та ўрин) ва мотеллар 1 тага (29 та хона, 51 та ўрин), квартиралар 2 тага (5 та хона, 10 та ўрин) етказилди.
Шунингдек, туроператорлар 121 тага, гид-экскурсоводлар 252 тага, сайёҳлар учун ресторанлар юзтага, туристик автобус ва микроавтобуслар 281 тага, туризм йўл кўрсаткичлари 130 тага, туризм ахборот марказлари 26 тага етиб, хизмат сифати ошмоқда.
Шунингдек, 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида Бухоро вилоятида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризм дастури доирасида 1,3 миллион нафар маҳаллий сайёҳ жалб этилди.
Сайёҳларга кўрсатилаётган хизматларнинг хилма-хиллигини таъминлаш орқали вилоятга ташриф давомийлигини узайтириш мумкин. Биргина мисол, Бухоро шаҳридаги 17 та меҳмонхона ва рестораннинг том қисмида очиқ террасага эга 1 минг 550 кишини қабул қилишга мўлжалланган овқатланиш шохобчаси ташкил қилинган. Бу янгича йўналишга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар юқори қизиқиш билдирди.
Бундан ташқари, Бухоро шаҳридаги янги қурилаётган 4 та меҳмонхонанинг том қисмида умумий овқатланиш учун мўлжалланган 340 ўринли очиқ терраса ташкил этилади.
Натижада Бухоро шаҳрида жорий йилда умумий овқатланиш, гастрономик туризм хизматларини ташкил этиш ҳисобига хизматлар ҳажми йиллик 33 миллиард сўмга ошишига эришилади.
Вилоят ҳокимининг қарорига асосан меҳмонхона, савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун махсус солиқ режими жорий этиладиган 6 та (Ромитан туман 4 та “Марзия”, “Самосий”, “Азизон”, “Хоса" ва Когон тумани 2 та “Ниёз Ҳожи”, “Чолоки”) туризм ҳудудлари танланди. 2022 йил 19 апрель санасида Халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан тасдиқланди.
Бундан ташқари, туризм ҳудудларини ривожлантириш бўйича ҳоким ёрдамчилари ва тегишли мутасаддилар билан биргаликда ҳар бир ҳудуднинг йўл хариталари ишлаб чиқилди.
Йўл хариталарга асосан туризм ҳудудларида умумий қиймати 75,5 миллиард сўмга тенг 24 та лойиҳа, жумладан, ҳостел ва чодирли оромгоҳлар, меҳмонхона, ресторан, ҳунармандчилик марказлари, сунъий сузиш ҳавзалари каби лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилди.
Вилоятдаги барча туман ва шаҳарларнинг марказий кўчаларини (13 та кўча) савдо, кўнгилочар, гастрономик, туризм ва санъат йўналишларида ихтисослашган махсус савдо ва кўнгилочар кўчаларга айлантириш белгиланган, мазкур кўчаларда амалга ошириладиган 626 та лойиҳа манзилли рўйхати шакллантирилган.
Ушбу кўчалардаги 15 км йўллар таъмирланди. 793 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 25 км пиёдалар йўлаги қурилди. Бугунги кунга қадар 244 та хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилиб, 594 та иш ўрни яратилган.
[gallery-7962]
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА