Туризм: янги имкониятлар зарур
Бухорога келаётган ҳар бир сайёҳ меҳмонхона, ресторан, транспорт, ҳунармандчилик, савдо, гидлик ва бошқа кўплаб хизматлар учун янги имконият, маҳаллий аҳоли учун эса даромад манбаидир. Шунинг учун бугун туризмни ривожлантириш масаласи фақат сайёҳлар сонини ошириш эмас, балки Бухоронинг ҳар бир тарихий кўчаси, ҳар бир маҳалласи ва ҳар бир хизмат турини иқтисодий қийматга айлантириш вазифасига айланмоқда.
Бухоро вилоятида туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар, меҳмонхона ва ресторанлар, туроператорлар, гид-экскурсоводлар ҳамда бошқа соҳа вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилгани ҳам ана шу ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди.
Унда Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М.Абдуллаев бошчилигида соҳа олдида турган масалалар, тадбиркорларнинг муаммолари ва келгусидаги имкониятлар очиқ муҳокама қилинди.
Тарихий шаҳарларни обод қилиш, туристик инфратузилмани кенгайтириш, янги йўналишларни очиш, хусусий сектор учун имтиёз ва преференциялар яратиш, халқаро брендларни жалб этиш, хизматлар сифатини ошириш — буларнинг барчаси мамлакатда туризмни янги иқтисодий драйверга айлантириш сиёсати билан уйғун.

Чунки Бухоро — оддий туристик ҳудуд эмас. Унда асрлар давомида шаклланган меъморий мерос, зиёрат туризми, ҳунармандчилик, миллий таомлар, қадимий маҳаллалар ва ноёб маданий муҳит бир нуқтада жамланган. Шундай экан, вазифа — мавжуд бойликни шунчаки намойиш этиш эмас, уни замонавий туризм маҳсулотига айлантириш.
Б.Зарипов соҳа вакилларини очиқ мулоқотга таклиф этиб, бирин-кетин уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади. Бу каби мулоқотлар туризмнинг ҳақиқий “ички” муаммоларини кўриш имконини беради. Чунки сайёҳга хизмат кўрсатаётган тадбиркор ҳар куни амалиётда нималар тўсқинлик қилаётганини, қайси хизматга талаб юқорилигини ва турист нимадан қониқмаётганини бевосита билади.

Мулоқотда туризм мавсумини узайтириш масаласи алоҳида ўрин эгаллади. Бу жуда муҳим. Чунки туристик шаҳар учун асосий мезон фақат “қанча турист келди?” деган савол эмас. “Турист Бухорода қанча кун қолди ва қанча хизматдан фойдаланди?” — мана шу савол ҳам иқтисодий самарани белгилайди.
Шу мақсадда янги туристик локацияларни кўпайтириш, мавсум паст бўлган даврларда турли тадбирлар ташкил этиш, кўнгилочар туризм йўналишларини ривожлантириш таклиф қилинди. Бухоронинг келажак туризми — кўпроқ турист эмас, кўпроқ таассурот ва кўпроқ хизматдан иборат бўлиши керак.
Тадбиркорлар томонидан замонавий музей ташкил этиш, туристлар учун енгил конструкцияли санитария шохобчаларини қуриш, Бухоро халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалида қўшимча хизматларни кенгайтириш каби таклифлар билдирилди.

Бу таклифларнинг ҳар бири туристик муҳитнинг бир муҳим бўғинини тўлдиради. Қулай санитария шохобчалари туристик маданиятнинг энг оддий, аммо, энг зарур талаби. Аэропорт ва вокзалдаги қўшимча хизматлар сайёҳнинг Бухорога кириб келишиданоқ унда ижобий таассурот уйғотиш воситаси. Кўнгилочар туризм эса тарихий Бухорони замонавий авлоднинг қизиқишлари билан уйғунлаштириш имкониятидир.
Мулоқотда Имом ал-Бухорийнинг туғилган жойини илмий асосда аниқлаш ва у ерда ёдгорлик ўрнатиш масаласининг кўтарилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу ерда масаланинг нафақат туристик, балки илмий ва маънавий жиҳати бор. Тарихий шахслар билан боғлиқ ҳар қандай маълумот аниқ илмий манбалар, тадқиқотлар ва мутахассислар хулосасига таяниши керак. Шунда тарихий мерос туристик объектга айланиш билан бирга, ҳақиқий илмий-маърифий аҳамият касб этади. Бу эса Бухоронинг зиёрат ва маърифий туризм салоҳиятини янада ошириши мумкин.
Очиқ мулоқотда кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам кўтарилди. Бу бежиз эмас. Энг чиройли меҳмонхона, энг замонавий ресторан ёки энг ноёб туристик объектнинг қиймати унда хизмат кўрсатаётган инсоннинг маданияти ва маҳорати билан ўлчанади. Турист Бухоронинг обидаларини суратга олади, аммо, кўпинча у шаҳар ҳақидаги энг кучли таассуротни меҳмонхона ходими, официант, гид, такси ҳайдовчиси, сотувчи, ҳунарманд билан мулоқотдан олади.
Шунинг учун туризмда тил биладиган, тарихни яхши англайдиган, замонавий сервис маданиятига эга, хушмуомала ва ташаббускор кадрлар тайёрлаш стратегик вазифадир.

Мулоқотда кўтарилган масалалардан яна бири Бухорога халқаро брендларни жалб қилиш бўлди. Бу йўналишда алоҳида қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Халқаро брендларнинг кириб келиши рақобатни кучайтиради. Рақобат эса хизмат сифатини оширади. Бироқ бу жараён маҳаллий тадбиркорликни четга суриш эмас, аксинча, унинг ўсиши учун янги муҳит яратиши керак.
Йирик бренд ёнида маҳаллий меҳмонхона, миллий ресторан, ҳунармандчилик устахонаси, туристик агентлик ва оилавий бизнес ҳам ривожланса, туризмнинг иқтисодий занжири янада мустаҳкамланади. Натижада турист сарфлаган маблағнинг катта қисми ҳудуд иқтисодиётида қолади.
Очиқ мулоқотда билдирилган таклифлар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Энг муҳими, соҳа тадбиркорларининг муаммо ва таклифларини доимий эшитиб бориш ҳамда уларга тезкор ечим топиш мақсадида алоҳида Telegram канали ташкил этилиб, тадбиркорлар унга бириктирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири