Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 февралдаги “Туризм, маданий мерос ва спорт соҳаларида давлат бошқарувини такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–75-сон Фармонига мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Туризм ва маданий мерос вазирлиги марказий аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 84 нафар бўлган тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг чекланган сони 386 нафар этиб белгилансин.
3. Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазирига:
туризм ва маданий мерос вазири ўринбосарлари ўртасида аниқ вазифалар ва функцияларни тақсимлаш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;
зарур ҳолларда, ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида Туризм ва маданий мерос вазирлиги марказий аппарати, шунингдек, тизим ташкилотлари тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари тузилмалари ва низомларини тасдиқлаш, шунингдек, улар бошқарув ходимларининг чекланган сонини белгилаш ҳуқуқи берилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) этиб қайта номланади;
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти Давлат бюджети маблағлари, вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
Жамғарма маблағлари Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, тизим ташкилотлари ходимларини қўшимча рағбатлантиришга йўналтирилади;
Туризм ва спорт вазирлигининг мол-мулки, шу жумладан, автотранспорт воситаларини Туризм ва маданий мерос вазирлигига ўтказишда қайта расмийлаштириш учун тўловлар ундирилмайди;
Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан қайта ташкил этилаётган, тугатилаётган, ўзгартирилаётган ва бошқа ташкилотлар тизимига ўтказилаётган ташкилотларга бириктирилган кўчмас мулк объектларига ва бошқа мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар тегишли йиғимлар ва бошқа тўловлар ундирилмаган ҳолда қайта расмийлаштирилади;
Туризм ва спорт вазирлигининг марказий аппарати ходимларини Туризм ва маданий мерос вазирлигига ишга қабул қилиш Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири томонидан тегишли давлат органлари томонидан илгари амалга оширилган келишувларни, танлов натижаларини инобатга олган ҳолда, мустақил амалга оширилади;
Туризм ва маданий мерос вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқлангунга қадар, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда ҳудудий бўлинмалар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 июлдаги 477-сон қарори билан тасдиқланган Туризм ва спорт вазирлиги тўғрисидаги низомга ва амалдаги тартибга асосан амалга оширилади.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги бир ой муддатда вазирлик тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбалари этиб белгилансин:
муассиси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳисобланган корхоналар ва ташкилотлар (кейинги ўринларда – тизим ташкилотлари) ихтиёрида солиқлар ва йиғимлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми;
хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорларга мувофиқ давлат мулки объектларини реализация қилишдан тушадиган тегишли маблағлар;
тизим ташкилотларининг мол-мулкини (бундан кўчмас мулк мустасно) сотишдан тушган маблағларнинг 50 фоизи;
тизим ташкилотларининг мол-мулкини ижарага беришдан тушган бюджетга йўналтирилаётган маблағларнинг 50 фоизи;
тизим ташкилотлари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган Давлат бюджети маблағларининг, шунингдек, талон-тарож, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи;
тизим ташкилотлари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган ноқонуний сарфланган бюджет маблағлари, талон-тарож, растраталар, камомадлар суммалари;
тизим ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
туризм ва маданий мерос соҳаларидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан тушадиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Туризм ва маданий мерос вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Давлат бюджетининг 2022 йил учун тасдиқланган бюджет параметрларига ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107 б-уй манзили бўйича жойлаштирилсин.
8. Туризм ва маданий мерос вазирлиги:
икки ҳафта муддатда вазирликнинг ҳудудий, таркибий ва қуйи бўлинмалари тўғрисидаги низомлар (уставлар), уларнинг тузилмалари, шунингдек, ходимларнинг лавозим йўриқномалари қайта тасдиқланишини таъминласин;
бир ой муддатда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 18 февраль