Туризм тараққиётининг янги босқичи
Мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бирига айлантириш, сайёҳлар учун қулай ва замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳамда хизматлар сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан соҳани ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизда янги туристик йўналишлар очилмоқда, меҳмонхоналар сони ортиб, хизмат кўрсатиш сифати изчил такомиллаштирилмоқда.
Давлат раҳбарининг туризмни миллий иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш, бу орқали янги иш ўринлари яратиш, ҳудудлар иқтисодиётини юксалтириш ва Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга қаратилган ташаббуслари бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Бунинг ёрқин исботини Бухоро вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. 2026 йилнинг дастлабки беш ойи давомида вилоятга 1 миллион 425 мингдан ортиқ хорижий ҳамда 2 миллион 680 мингдан зиёд маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Туризм хизматлари экспорти эса 407,3 миллион АҚШ долларига етди. Бу рақамлар Бухоронинг нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиёнинг энг жозибадор туристик марказларидан бирига айланиб бораётганини яққол тасдиқлайди.

Бироқ сайёҳлар оқимининг ортиши билан бир қаторда хизматлар сифатини ҳам халқаро даражага олиб чиқиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Зеро, меҳмоннинг мамлакат ҳақидаги илк таассуроти аввало меҳмонхонада шаклланади. Табассум билан кутиб олиш, юқори маданиятли мулоқот, тозалик, тезкор хизмат ва меҳмондўстлик мамлакат имижини белгилайдиган муҳим омиллар ҳисобланади.
Ана шу мақсадда Халқаро туризм академияси томонидан Бухоро вилоятида меҳмонхона соҳаси мутахассислари учун Front Office ва Housekeeping йўналишлари бўйича уч кунлик амалий малака ошириш тренинглари ташкил этилди.

Мазкур ўқув машғулотларида меҳмонхоналарнинг қабул хизмати ва хўжалик бўлимларида фаолият юритаётган ходимлар иштирок этиб, халқаро меҳмондўстлик стандартлари, меҳмонлар таассуротини бошқариш (Guest Experience), хизмат сифати назорати, Front Office ва Housekeeping операцияларини самарали ташкил этиш, шунингдек, реал ҳаётий кейслар асосида амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлади.
Тренинглар назарий билимлар билан чекланиб қолмай, иштирокчиларга замонавий меҳмонхона бошқарувида учрайдиган турли вазиятларни таҳлил қилиш, муаммоларга тезкор ечим топиш ва халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш имконини ҳам берди.
Бугунги кунда дунё туризм бозорида рақобат нафақат тарихий обидалар ёки табиий гўзалликлар, балки хизмат кўрсатиш сифати билан ҳам белгиланмоқда. Шу маънода инсон капиталига инвестиция киритиш, соҳада меҳнат қилаётган кадрларнинг малакасини мунтазам ошириш Ўзбекистон туризмининг халқаро рақобатбардошлигини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири