Тунис Гран-присида навбатдаги медаллар қўлга киритилди
Мамлакатимизда яратилаётган кенг имкониятлар натижасида имконияти чекланган инсонлар ҳам ўз салоҳиятини муносиб намоён этишга муваффақ бўлмоқда. Бунинг исботини иродали параспортчиларимиз эришаётган марраларда ҳам кўришимиз мумкин.
Пара енгил атлетика бўйича халқаро Гран-при турнирининг навбатдаги куни ортда қолди. Муросасиз беллашувларда терма жамоамиз вакиллари 3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалларига эга чиқди.
Мусулмонқул Аҳмедов (Ф46 класси, ядро улоқтириш: 14.67 м), Суннат Ботиров (Ф32 класси, булава улоқтириш: 30.43 м) ҳамда Қудратуллохон Маъруфхўжаев (Ф37 класси, диск улоқтириш: 53.58 м) олтин медалларга сазовор бўлди. Ихтиёр Раҳмонов (Ф64 класси, ядро улоқтириш: 11.18 м) ва Акмалхон Абдураҳмонов (Ф54 класси, найза улоқтириш: 17.74 м) эса кумуш медалларини қўлга киритди.
Шунингдек, Нурхон Қурбонова (Ф54 класси, ядро улоқтириш: 5.81 м), Ёқутхон Холбекова (Т12 класси, найза улоқтириш: 26.30 м), Толиббой Йўлдошев (Ф37 класси, диск улоқтириш: 47.46 м) ҳамда Фароғат Муҳаммадқулова (Ф40 класси, ядро улоқтириш: 7.34 м) каби иродали спортчиларимиз бронза медалларини қўлга киритди.
Ҳозирда ҳисобимиздаги медаллар сони 15 тани ташкил этмоқда, шулардан 6 та олтин, 4 та кумуш ҳамда 5 та бронза.
Шербек Исломов, ЎзА