Муносабат
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисидаги нутқида барча соҳаларни ривожлантириш бўйича истиқболдаги вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва спортни ривожлантириш бўйича катта дастурларни самарали ва тўлиқ амалга ошириш – ҳамиша Ҳукуматнинг кун тартибида туриши керак бўлган асосий вазифа экани қайд этилди. Ушбу йўналишлар бўйича устувор вазифаларни илгари сурди.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги таклиф ва ташаббуслар борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Севара Убайдуллаева ўз муносабатини баён қилди:
— Президентимиз ўз маърузасида аҳолининг саломатлигини сақлаш ва тиббий хизматларнинг сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш мақсадига эришиш учун бирламчи тиббий хизматларнинг қулайлиги ва сифатини ошириш устувор вазифа сифатида қайд этилди.
Келгуси йилларда бирламчи бўғинда аёлларни скринингдан ўтказиш ва рақамлаштириш орқали саратон касалини эрта аниқлаш кўрсаткичини ҳозирги даражадан сезиларли ошириш режалаштирилган. Айниқса, эрта ташхис қўйиш кўрсаткичларининг яхшиланиши орқали аҳоли саломатлигини тиклашга бўлган имкониятлар кенгаяди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари маҳаллаларда тиббиёт бригадаларини ўқитиш ва уй шароитида беморларни реабилитация билан қамраб олиш бўйича янги тизимни жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Туғуруқхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 100 миллион доллар ажратилиши қайд этилди. Шубҳасиз, бу маблағ туғуруқхоналарда сифатли ва замонавий хизмат кўрсатишни таъминлайди.
Шу билан бирга, давлат тиббий суғуртаси ва аҳолига кафолатланган пакет асосида тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини барча шаҳар, туман ва қишлоқларга татбиқ этиш режаси ҳақида сўз борди. Бу тизим орқали аҳоли, жумладан, энг эҳтиёжманд қатламлар кафолатланган тиббий хизматдан баҳраманд бўлади. Бу давлатнинг аҳоли саломатлигига бўлган эътиборини яққол намоён этади, “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси ҳисобланади.
Президентимиз соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга қаратилган алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш зарурлигини ҳам таъкидлади. Бу каби дастурлар нафақат саломатликни сақлаш, балки жамиятдаги ижтимоий фаолликни оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА