Туғилган кун ва дискотека уюштирган фуқаролар қамоққа олинди
Карантин давридаги мажбурий қоидаларга амал қилиш барчанинг бурчидир.
Карантин давридаги мажбурий қоидаларга амал қилиш барчанинг бурчидир. Баъзи фуқаролар буни унутиб, ҳуқуқбузарликка қўл уришяпти. Афсуски, улар орасида хотин-қизлар ҳам бор.
Фарғона шаҳрида яшовчи аёл З. А. 51 ёшда бўлиб, шундай кунларда жимгина ўтиришни хушламаганга ўхшайди. Унинг туғилган кунини нишонлаш мақсадида яшаш хонадонига Х. О.(аёл), унинг ўғли С. О ва таниши А. Н. йиғилишиб, спиртли ичимлик истеъмол қилган. Шундан сўнг улар овоз чиқарувчи аппаратурадан фойдаланиб, баланд овоз билан қўшиқ айтишади. Маст бўлгани ҳолда ўйин кулги қилишган. Шу кўп қаватли уйда яшовчиларнинг ярим тунда тинчини бузишади.
Бундан ташқари, шу куни тунги соат 24:00лар чамасида мазкур ҳолат бўйича ички ишлар бўлими ходимлари воқеа жойига келишганида улар жамоат жойи Фарғона шаҳар Янги аср кўчаси 108-уй олдида маст ҳолда арзирли сабабсиз бақир-чақир кўтаришган. Бир-бирларини қучоқлаб, ИИБ ходимларини уятли сўзлар билан сўкиб,уларнинг қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажаришмаган. Албатта карантин давридаги бу ҳуқуқбузарлик уларга қимматга тушадиган бўлди.
Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан мазкур иш кўриб чиқилиб, З. А.га 12, Х. О.га 7, унинг ўғли С. О ва А. Н.ларга 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.