TRT телеканали Хоразмнинг бой маданиятини кенг оммага ёритади
Туркиянинг етакчи телерадиокомпанияларидан бири бўлган TRT телеканали ижодий жамоаси Хоразмнинг тарихий-маданий мероси, миллий анъаналари ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган махсус дастур тайёрлаш мақсадида вилоятга ташриф буюрди.
Беш кун давомида қадимги Хивада «Bir Adım, Bin Avaz» кўрсатувини суратга олиш ишлари олиб борилди. «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида машҳур «Лазги» рақси ва миллий рақс санъати намойиш этилди, анъанавий мусиқа ҳамда миллий чолғу куйлари ижро этилди.
Суратга олиш гуруҳи соҳанинг таниқли вакиллари ҳамда хизмат кўрсатган санъат арбоблари билан мулоқот қилди.
Шунингдек, TRT вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилди. Унинг доирасида журналистлар Хиванинг тарихий ёдгорликлари, ўзига хос меъморчилиги, миллий маданияти ва сайёҳлик имкониятлари билан яқиндан танишди.
TRT телеканали томонидан тайёрланган ушбу махсус кўрсатув Хоразмнинг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш ҳамда қадимий заминнинг сайёҳлик жозибадорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Азиза Алимова, ЎзА