Транспорт соҳасида юридик кадрлар малакасини оширишнинг устувор йўналишлари белгиланди
Транспорт хавфсизлигини таъминлаган ҳолда соҳа қонунчилигини такомиллаштириш ва халқаро стандартларни миллий тизимга интеграция қилиш бугунги кун олий таълими ҳамда илм-фани олдида турган энг устувор вазифалардан биридир. Айни шу мақсадда, мамлакатимизнинг икки етакчи таълим ва илмий муассасаси — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда Тошкент давлат транспорт университети вакиллари ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг стратегик йўналишларини батафсил муҳокама қилиб, икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим шериклик меморандумини имзолади.
Тадбирда қайд этилганидек, замонавий рақамли технологиялар асрида транспорт тизимининг жадал ривожланиши ва халқаро логистика занжирларининг кенгайиши ушбу соҳада юқори малакали, замон талабларига жавоб берадиган ҳуқуқшунос кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳар қачонгидан ҳам оширмоқда. Мазкур меморандум институт ва университет ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Томонлар ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди ва тегишли келишувларга эришди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА