Трансмиллий муаммолар шериклик ва ҳамкорлик орқали ҳал қилинади, қарама-қаршилик ва кескинлик билан эмас
Шу йилнинг 20-21 апрель кунлари Самарқандда ўтказилган “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги глобал форумда кўплаб халқаро ташкилотлар ҳамда 50 дан ортиқ давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирок этди.
Жумладан, Афғонистон ички ишлар вазирининг наркотикларга қарши курашиш бўйича ўринбосари Мунир Абдул Раҳмон ушбу мамлакатда кейинги йилларда гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида журналистларга интервью берди.
– Афғонистон Ислом Амирлиги гиёҳвандликнинг зарарли оқибатларини чуқур тушунган ҳолда, ўзининг диний, миллий ва инсоний мажбуриятлари доирасида гиёҳвандликка қарши қатъий курашмоқда, – деди Мунир Абдул Раҳмон. – Биз мамлакатимизда гиёҳванд моддаларни етиштириш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва савдоси ҳамда улар билан боғлиқ жиҳатларни фармон асосида тақиқланган деб эълон қилдик ва тегишли муассасалар ушбу ҳужжат ижросини таъминлашга мажбурлиги белгиланди. Фармон асосида биргина 2025 йилда гиёҳвандлик жиноятлари билан боғлиқ гумондорларни ҳибсга олиш, гиёҳванд ўсимликларни йўқ қилиш ва гиёҳвандларни ҳибсга олиш бўйича бутун мамлакат бўйлаб 41 минг 868 та махсус операция ўтказилди. Натижада гиёҳванд моддаларга қарам бўлганликда гумон қилинаётган 10 минг 813 нафар шахс ҳибсга олинди. Гиёҳванд моддалар, алкогол ва психотроп воситалар тайёрловчи 450 та лаборатория йўқ қилинди. 2 миллион 12 минг 632 тонна турли хил гиёҳванд моддалар, жумладан, героин, морфин, опий, гашиш, метамфетамин, алкоголли ичимликлар, ферментланган майиз, кеневир, кўкнори уруғлари, кимёвий моддалар, таблеткалар мусодара қилинди. Йил давомида 19 минг 51 гектар кўкнори ва гашиш плантациялари йўқ қилинди, мамлакат бўйлаб 28 минг 546 нафар гиёҳванд шахс ҳибсга олинди.
Биз гиёҳванд моддаларга қарши кураш сиёсатлаштириш ва эксплуатациядан узоқроқ тутилиши кераклигини таъкидлаймиз. Бу инсоний ва глобал муаммо бўлиб, сиёсий қарашларга қурбон қилинмаслиги керак. Халқаро ҳамкорлик ўзаро ҳурмат, ишончни мустаҳкамлаш, мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва жойлардаги воқеликни тушуниш тамойилларига асосланганда самарали бўлади.
Мунир Абдул Раҳмон халқаро ҳамжамиятдан Афғонистоннинг саъй-ҳаракатлари ва ютуқларини адолатли баҳоланиши, босим ва изоляцияга эмас, балки ҳамкорлик ва амалий қўллаб-қувватлашга асосланган ёндашувлардан фойдаланишини кутишини қайд этди.
– Тажриба шуни кўрсатадики, трансмиллий муаммоларни фақат шериклик ва ҳамкорлик орқали ҳал қилиш мумкин, қарама-қаршилик ва кескинлик орқали эмас, – деди Афғонистон ички ишлар вазири ўринбосари. – Фурсатдан фойдаланиб, ушбу халқаро форум ташкилотчиларига ва Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар энг муҳим замон таҳдидлардан бири, яъни трансмиллий гиёҳвандлик ҳақида фикр алмашиш ва муҳокама қилиш учун қимматли имконият яратди. Бундай учрашувлар мамлакатлар ўртасидаги қарашларни бирлаштириш ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири