Трампнинг оралиқ сайловдаги мағлубияти Ҳиндистон ва АҚШ муносабатида нимани англатади?
Дональд Трампнинг сайловдаги муваффақиятсизлиги Нью-Деҳли ва Вашингтонга муносабатни қайта тиклаш имконини бериши мумкин. Шу билан бирга АҚШ ҳақиқатан Ҳиндистонга нисбатан ёндашувини ўзгартиришига ҳеч қандай кафолат йўқ.
Германиянинг DW ахборот агентлиги ёзишича, АҚШ демократлари оралиқ сайловда ишончли ғалаба қозониб, Конгресснинг иккала палатаси устидан назоратни қўлга киритгач, республикачилар маъмурияти Трампнинг ваколат муддати тугагунига қадар диққат марказида бўлади.
Амалдаги етакчи зиддиятли ташқи сиёсатига нисбатан салбий муносабатга дуч келиши мумкин, чунки айни шу жиҳат АҚШни аксарият иттифоқчиларидан узоқлаштирди ва Яқин Шарқдаги навбатдаги оммабоп бўлмаган урушга салбий қараш ҳосил қилди. Қолаверса, Трамп маъмурияти халқаро майдонда бир қатор кўзга ташланмайдиган, аммо жуда баҳсли қадамлар қўйди. Жумладан, Ҳиндистон билан айрим низоли масалалар юзага келди.
Нью-Деҳли ва Вашингтон муносабати музлатилган савдо келишуви, иммиграция чеклови ва Ҳиндистоннинг Россия нефти ва қуролини сотиб олиши борасидаги келишмовчилик туфайли март ойида нефть етказиб беришга қўйилган тақиқ бекор қилингани ва октябрда Трамп Россияга қарши баъзи санкциялардан воз кечганига қарамай, ҳамон кескин бўлиб қолмоқда.
АҚШнинг янги Конгресси тариф ва иммиграция каби масалаларда Трампга босим ўтказиши эҳтимоли бўлса-да, Президент ташқи сиёсатда ҳамон ҳокимиятга эга.
Конгресс Трамп томонидан жорий этилган савдо чекловини қайта кўриб чиқиши мумкин
Трампнинг Ҳиндистонга нисбатан сиёсатида асосий синов савдо соҳасидир. Февраль ойида Трамп ва Бош вазир Нарендра Моди ўртасида муҳокама қилинган вақт чегарасининг ҳали расмийлаштирмаган, икки давлат ўртасида бозорга кириш ва бошқа савдо мажбурияти бўйича келишмовчилик сақланиб қолмоқда.
Мантрайя стратегик тадқиқот институти хулосасига кўра, янги Конгресс Трамп маъмурияти томонидан илгари сурилган протекционистик чораларни "янада диққат билан кузатиб боради”.
– Америкалик қонун чиқарувчилар "савдо соҳасида қатъий назорат ва атроф-муҳит, меҳнат муносабати бўйича аниқ стандарт"ни қўллаб-қувватлаши мумкин, – дейилган ҳисоботда.
Энг йирик экспорт бозори АҚШ ҳисобланадиган Ҳиндистон учун бу бир нафас тоза ҳаво, дегани.
Шунингдек, "Ҳиндистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг фундаментал асоси мустаҳкам бўлиб қолиши кутилаётгани, иқтисодий алоқани чуқурлаштириш бўйича узоқ муддатли мақсадга эришилиши мумкинлиги" таъкидланган.
Иммиграция бутунлай бошқа масала. Маъмурият H-1B визаси бериш қоидасини қатъийлаштириши, жумладан баъзи янги петициялар учун 100 000 доллар миқдорида тўлов жорий этиши ҳинд мутахассислари ва технология компанияларини хавотирга солган.
А.Маматов, ЎзА