АҚШ Президенти Буюк Британияга борди. Бу Дональд Трампнинг Америка етакчиси сифатидаги иккинчи давлат ташрифи бўлиб, тарихга энг тантанали қабуллардан бири сифатида кирди.
Ушбу воқеа икки давлат ўртасидаги ўзаро “алоҳида муносабат”ни янада мустаҳкамлашга қаратилгани таъкидланмоқда. Биринчи кун Қирол Карл III томонидан Трамп учун расмий давлат зиёфати ташкил этилди. Бу маросим ҳам тарихдаги энг дабдабали тадбирлардан бири сифатида баҳоланди. Қирол “тинчликни таъминлаш борасидаги шахсий саъй-ҳаракати” учун АҚШ Президентига миннатдорлик изҳор этди.
– Ҳар икки жаҳон урушида ёнма-ён ёвузликка қарши курашганмиз, – деди Қирол. – Бугун ҳам Европада таҳдид мавжуд ва биз ҳамкор сифатида Украинага ёрдам бериш йўлида бирлашганмиз.
Трамп эса Британия билан иттифоқни “беқиёс ва абадий” дея баҳолаб, “алоҳида муносабат” ибораси шериклик моҳиятини тўлиқ акс эттира олмаслиги, алоқалар мақоми янада юқори эканини таъкидлади.
Мазкур таъриф асосга эга, чунки Трампнинг Қироллликка меҳри ўзгача. Унинг онаси Мэри Энн Шотландияда туғилган ва кейинчалик Нью-Йоркка кўчган. Дональд онаси улғайган уйни бир неча марта зиёрат қилган ва ўзининг тарихий илдизлари билан фахрланишини таъкидлаган. Қисқаси, Америка етакчисига бу замин бегона эмас.
Албатта, АҚШ раҳбари Бош вазир Кир Стармер билан ҳам учрашди. Музокарада инвестиция ва савдо муносабати, божхона тарифи каби муҳим соҳалардаги ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди.
АҚШ компаниялари сунъий интеллект, квант технологияси ва фуқаролик атом энергетикаси йўналишларида Буюк Британияга 42 миллиард доллар сармоя киритишга ваъда бергани эълон қилинди.
Табиийки, Россия – Украина уруши ва Яқин Шарқдаги вазият ҳам суҳбатнинг асосий мавзуларига айланди. Трамп Қиролликнинг Украинага ёрдамини қўллаб-қувватлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hHpk7MlMo60" title="Trampning Buyuk Britaniyaga mehri boshqacha" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА