Трамп ва Си Цзиньпин учрашуви нефть бозорини тинчлантира оладими?
Чоршанба куни жаҳон бозорида нефть нархи бироз пасайди. Бунга асосий сабаб сифатида сармоядорларнинг Яқин Шарқдаги сулҳ музокарасидан ижобий натижа кутаётгани ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўртасида Пекинда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги саммит кўрсатилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берган. Савдо давомида “Brent” маркали нефть фьючерси 1,1 фоиз арзонлаб, бир баррели учун 106,55 долларни ташкил этган бўлса, Американинг WTI нефти ҳам шунча пасайиб, 101,02 долларга тушди. Февраль ойи охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракати бошланиши ва Теҳрон томонидан стратегик Ҳурмуз бўғози ёпиб қўйилиши ортидан нефть нархи барқарор тарзда 100 доллардан юқорида лик кўрсаткични сақлаб келаётган эди.
Бозор таҳлилчилари фикрича, таъминотдаги узилиш ва Яқин Шарқдаги ноаниқлик туфайли нефть нархи тушмаса-да, трейдерлар кейинги йўналишни белгилашда эҳтиёткор иш тутмоқда. Айни пайт бозор ҳар қандай янгиликка ўта таъсирчанлиги кескин тебраниш давом этишидан дарак бермоқда. Сешанба куни Дональд Трамп Эрон билан низони ҳал қилишда Хитой кўмагига муҳтож эмаслигини таъкидлаган эса-да, Хитой ҳамон Эрон нефтининг энг йирик харидори бўлиб қолмоқда. Шу боис пайшанба ва жума кунлари бўлиб ўтадиган икки давлат раҳбари учрашуви кўпчиликнинг диққат марказида турибди.
Хуллас, Яқин Шарқдаги уруш ҳолати дунёнинг энг йирик иқтисодиёти ҳисобланган АҚШга ҳам таъсир ўтказмоқда. Қиммат нефть ёнилғи нархини ошириб, инфляцияни сўнгги уч йилдаги энг юқори даражага олиб чиқди. Бу вазият Федерал захира тизимини фоиз ставкасини узоқ вақт давомида баланд ушлаб туришга мажбур қилиши мумкин. Бу ўз навбатида қарзни кўпайтиради ва нефтга талабни сусайтиради. Таҳлилчилар фикрича, таъминотдаги йўқотиш кўлами аллақачон 1 миллиард баррелдан ошган ва айни омил йил давомида нефть нархи 80 доллардан тушмаслигига асос бўлади. Қолаверса, АҚШдаги нефть ва дистиллят захираси кетма-кет тўртинчи ҳафта камайди. Демак, таъминот тизимидаги танглик ҳамон давом этяпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА