Трамп: Россия НАТОга ҳужум қилмайди
Президент Дональд Трамп Владимир Путин билан “яхши суҳбат” ўтказганини айтиб, Москва Шимолий Атлантика альянси ҳудудига зарба бермаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Россиянинг Европа давлатларига қарши қадам ташлаши кутилмаяпти.
Бу баёнот Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклиффнинг Москвага кутилмаган ташрифидан икки кун ўтиб янгради. АҚШ оммавий ахборот воситалари мазкур музокарада Кремлни Альянс аъзоларига қарши ҳарбий ҳаракатдан қайтариш масаласи кўтарилганини ёзган. Трамп эса учрашувни асосан Украинадаги вазият билан боғлади.
Кремль ҳам бу борадаги хавотирни рад этди. Матбуот котиби Дмитрий Песков Вашингтон нашрларидаги хабарларни “қўрқитишга қаратилган гап-сўзлар” деб атади. Европа Иттифоқи юқори мартабали вакили ҳам ҳозирча Москва томонидан қитъадаги НАТО мамлакатларига қарши ҳужумга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот йўқлигини билдирди.
Россия – Украина уруши эса давом этяпти, АҚШ воситачилигидаги тинчлик музокарасида сезиларли силжиш кузатилмаяпти. Москва можарони тинч йўл билан ҳал қилишни исташини айтса-да, Киевдан Донбассдаги ҳудудларни тарк этишни талаб қилмоқда. Трамп Россия НАТОга қарши куч ишлатмаслигига ишонч билдирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА