АҚШ етакчиси Дональд Трамп Лос-Анжелес, Чикаго ва Нью-Йорк каби йирик шаҳарларда ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш ишларини кенгайтириш зарурлигини айтди.
Президентнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзилишича, Қўшма Штатлар Иммиграция ва божхона назорати (ICE) ходимлари “жуда муҳим вазифа – ноқонуний хорижликларни оммавий депортация қилиш бўйича тарихдаги энг йирик амалиётни бажаришда ақл бовар қилмайдиган куч, қатъият ва жасорат кўрсатган”.
7 июнь куни Лос-Анжелесда ICE томонидан ноқонуний муҳожирларни аниқлаш бўйича кенг кўламли амалиёт ўтказилгани туфайли Американинг кўплаб штатларида Трамп сиёсатига қарши норозилик намойишлари бошланди.
Намойишчилар билан тўқнашувлар штатга федерал маблағлар қисқартирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ортидан келиб чиқди. Эртаси куни Оқ уй шаҳарга Миллий гвардия қўшинлари киритилишини эълон қилди.
С.Раҳимов, ЎзА