Трамп: Нетаньяху АҚШда ҳибсга олинмайди
АҚШ Президенти Дональд Трамп Нью-Йорк шаҳри мэри Зуҳрон Мамданий баёнотига муносабат билдириб, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Америка ҳудудига ташриф буюрганда ҳеч қандай шаклда ҳибсга олинмаслигини таъкидлади.
Мамданий аввалроқ шаҳар ҳуқуқшунослари халқаро ордерга асосан Нетаньяхуни қўлга олиш имкониятини ўрганаётгани ва уни Гаага судида жавоб бериши керак бўлган “ҳарбий жиноятчи” деб билишини айтган эди. Жорий йил январь ойида лавозимига киришган мэр сайлов олди кампаниясидаёқ Нетаньяху Нью-Йоркка қадам босса, полиция томонидан ушланишини ваъда қилган. Ўз навбатида, Исроил томони бу чиқишни баландпарвоз ва чалғитувчи баёнот дея Халқаро жиноят суди қарорини асоссиз, деб баҳолади.
Маълумки, ХЖС 2024 йил Ғазодаги ҳарбий ҳаракат сабаб, Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун ордер берган. Бинобарин, АҚШ ва Исроил ушбу суд аъзоси эмас ва шу боис тузилма ваколатини тан олмайди.
Одатда Исроил етакчиси ҳар йили сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка келади. Трамп эса ижтимоий тармоқ орқали Исроилнинг “Эрон билан можародаги ёрдами”ни юқори баҳолаб, ушбу давлат раҳбарига хавфсизлик кафолати берди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА