Трамп Эрондан товон талаб қилмоқчи
Дональд Трамп Эрон билан бўлажак сулҳ музокарасида уруш учун товон пули талаб қилишини билдирди. Бу ерда гап нафақат ҳозирги можаро етказган зарар, балки Теҳронга боғлиқ дея баҳоланаётган аввалги ҳужумлар ва ҳалок бўлганлар оилаларига тўлов ҳақида ҳам кетмоқда. АҚШ раҳбари айни талаб "келгуси барча мулоқотлар”га қатъий киритилишини айтди. Шу билан бирга Ҳурмуз бўғозини очиш ва урушни тугатиш бўйича музокара жараёни ҳозирча силжимаётгани маълум қилинди.
Айни талаб Теҳроннинг ёндашувига жавобдир. Эрон ҳар қандай келишувдан олдин уруш товони тўланиши, портларга қўйилган қамал бекор қилиниши ва нефть саноатига нисбатан санкция олиб ташланишини талаб қилмоқда. Америка эса Эронни 2000 йилдаги “USS Cole” ҳарбий кемаси портлатилиши каби воқеалар учун ҳам жавобгар деб ҳисоблайди. Етакчининг сўнгги баёнотга кўра, Ливан, Сурия, Яман ва Ғазода етказилган зарар ҳам талаблар рўйхатига киритилиши мумкин.
Музокарадаги асосий тугун – Ҳурмуз. Эрон бўғоз очилиши учун Вашингтон аввал қамални ечиши ва нефть санкциясини бекор қилиши кераклигини айтмоқда. Бўғоз ёпилиши эса ёнилғи нархини ошириб, жаҳон иқтисодиётига босим ўтказмоқда. Мазкур вазият Трамп учун ноябрдаги оралиқ сайлов олдидан ҳам сиёсий муаммога айланиши мумкин.
Айни пайт Теҳронда ҳарбий раҳбарият ҳам янгиланди. Олий раҳбар Мужтоба Ҳумонаий генерал Али Абдуллоҳийни Қуролли кучлар Бош штаби раҳбари этиб, генерал Аҳмад Воҳидни эса Инқилоб қўриқчилари корпуси қўмондонлигига тайинлади. Абдуллоҳий аввал амалиётларни мувофиқлаштирувчи марказий ҳарбий қўмондонликка раҳбарлик қилган. Галдаги тайинловлар уруш бошлангандан кейин Эрон олий раҳбарияти амалга оширган дастлабки жиддий ҳарбий ўзгаришлардир.
Мусулмон Зиё, ЎзА