Тойлоқда банан етиштирилади
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида янги даромад манбаларини яратиш ҳамда юқори рентабелли маҳсулот етиштиришни кенгайтириш мақсадида 20 та фермер хўжалигининг жами 5 гектар майдонда ҳамда Катта Равот маҳалласида эса 100 та хонадондаги иссиқхонада банан етиштиришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Тумандаги “Ворсин” агрофирмасида ўтказилган амалий семинарда ҳудудда бананчиликни ривожлантириш, ушбу йўналишда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ҳамда юқори даромадли маҳсулот етиштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Семинарда туманда янги йўналишда олиб борилаётган ишлар, мавжуд тажрибалар ва келгусидаги режалар ҳақида сўз юритилди. Мутахассислар томонидан маҳаллий шароитда банан етиштириш имкониятлари, унинг ҳудуд иқлимига мослашувчанлиги, ҳосилдорлиги ҳамда парваришлашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Айни пайтда бу борада натижага эришаётган томорқачилар тажрибасига эътибор қаратилди.

– Тупроқ ва иқлим шароитимиз иссиқхонада банан етиштиришга мос, – деди семинарда қатнашган Тойлоқ тумани ҳокими Беҳзод Раҳматуллаев. – Вилоятимизнинг бир қатор ҳудудларида янги экин турини парваришлашни ўзлаштириб, натижага эришаётган тадбиркорлар, томорқа эгалари бор. Ўзимизнинг Катта Равот маҳалласида ҳам бу борада яхши тажриба тўпланган. Энди буни кенг оммалаштириш, бу сердаромад маҳсулот етиштиришни кенгайтириш керак. 2027 йилда ушбу йўналишда янги лойиҳаларни амалга оширишга киришамиз. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишда янги имконият ҳисобланади.

Тадбир иштирокчилари агрофирмада банан етиштириш жараёни билан танишиб, агротехник тадбирлар, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот етиштириш самарадорлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири