Ўзбекистонда истеъмол нархлари ошди
2026 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,7 фоизга ошди. Йиллик инфляция даражаси эса 6,4 фоизни ташкил этди.
Йиллик инфляция пасайди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил сентябрь ойида йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 6,4 фоизни ташкил қилди.
Бу кўрсаткич 2025 йил сентябрь ойидаги 8,0 фоиз билан таққослаганда, 1,6 фоиз бандга паст.
Ойлик кесимда эса истеъмол секторидаги нархлар 0,7 фоизга ошган. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 1 фоиз, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 фоиз, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар нархи эса 0,9 фоизга қимматлашган.
Тухум ва гўшт маҳсулотлари қимматлашди
Сентябрь ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида энг сезиларли қимматлашув тухум нархида қайд этилди — 5,3 фоиз.
Шунингдек, суякли мол гўшти 1,7 фоиз, қўй гўшти 1,3 фоиз, суяксиз мол гўшти 1,1 фоизга қимматлашган.
Гречка нархи 1,1 фоизга, гуруч ва гуруч оқшоғи 1 фоизга, хом ва қаймоғи олинмаган сут ҳамда сариёғ нархи 0,8 фоизга ошган.
Помидор ва бодринг нархи кескин кўтарилди
Мева-сабзавот маҳсулотлари орасида сентябрь ойида айрим маҳсулотлар нархида сезиларли ўсиш кузатилди.
Хусусан, помидор нархи 14,2 фоизга, бодринг 13,5 фоизга, сабзи 12,4 фоизга қимматлашди.
Шунингдек, булғор қалампири нархи 4,9 фоиз, бақлажон 4,7 фоиз, пиёз эса 2,6 фоизга ошди.
Айрим мева маҳсулотлари эса, аксинча, арзонлашди. Цитрус мевалар нархи 12 фоизга, узум 5,7 фоизга, олма 2,4 фоизга ва банан 1,7 фоизга пасайди.
Бензин ва пропан қимматлашди
Ноозиқ-овқат товарлари сегментида автомобиль ёқилғиси нархларида ҳам ўсиш қайд этилди.
Сентябрь ойида АИ-95 маркали бензин нархи 4,2 фоизга, АИ-92 маркали бензин 0,7 фоизга, АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин нархи 0,4 фоизга ошди.
Пропан нархи ҳам 4,2 фоизга қимматлашган. Метан нархида эса ўзгариш қайд этилмаган.
Таълим ва ҳуқуқий хизматлар нархи ошди
Хизматлар соҳасида ҳам айрим йўналишларда сезиларли қимматлашув кузатилди.
Давлат мактабгача таълим ташкилотлари хизматлари нархи 6,8 фоизга, ҳуқуқий тусдаги хизматлар 6,6 фоизга ошган.
Шартнома асосида давлат олий таълим муассасаларида ўқиш нархи 6,3 фоизга, хусусий умумий ўрта таълим ташкилотларида ўқиш 6 фоизга қимматлашган.
Шунингдек, автомобиль тўхташ жойлари хизматлари 2,2 фоиз, совуқ сув ва канализация учун ҳақ тўлаш 2,1 фоиз, хусусий мактабгача таълим ташкилотлари хизматлари эса 1,7 фоизга ошган.
Нархлар қандай ҳажмда кузатилди?
Мазкур ҳисоб-китобларида мамлакат бўйлаб 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари қамраб олинган.
Ушбу кузатувлар доирасида 2 миллиондан ортиқ нарх қайд этилган. Таҳлилларда 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 98 турдаги хизматлар нархлари кузатилган.
Шу тариқа, сентябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархининг ўсиши умумий истеъмол нархлари динамикасига асосий таъсир кўрсатган.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА