Товарда ишлаб чиқаришдаги нуқсон чиқса, у дарҳол алмаштириб берилади
Қонун лойиҳасига шарҳ
Бирор маҳсулот, товар ёки маиший техника сотиб олгандан сўнг унда қандайдир нуқсон аниқланса, уни амалдаги тартибга кўра 7 кун ичида алмаштириш мумкин. Аммо қонунчилигимизда нуқсонли товарни алмаштириш жараёнида товар сифатини қўшимча текшириш асослари ва тартиб-таомиллари аниқ белгиланмаган. Бу айрим ҳолатларда товарни алмаштириш муддатининг асоссиз чўзилишига, натижада эса истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бу борада биргина 2025 йилнинг ўзида Рақобат қўмитасига 53 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 23 фоизи савдо соҳасига оид. Шундан 25 фоиз мурожаатлар нуқсонли маҳсулотлар билан боғлиқ, 58 фоизи маиший электр техникалари, 7 фоизи қурилиш материаллари, 3 фоизи кийим-кечак, 3 фоизи кимё-косметика, маиший маҳсулотлар ва биологик қўшимчалар билан боғлиқ бўлган мурожаатлардир. Мазкур барча ҳолатларда нуқсонли товарларни сотувчи томонидан алмаштириб бериш муддатлари чўзилган.
Эндиликда товарда ишлаб чиқаришдаги нуқсон чиқса ва сотувчида худди шу маркали соғлом товар мавжуд бўлса, у амалдагидек 7 кун чўзмасдан, товарни дарҳол алмаштириб бериши шартлиги белгиланмоқда.
Парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси билан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддаси тегишли нормалар билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилиши, тузилиши ёки таркибига оид камчиликларни аниқлаган тақдирда, сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи айнан шундай маркали товар мавжуд бўлса, уни дарҳол алмаштириб бериши шарт бўлади.
Шунингдек, қўшимча текшириш ўтказиш асослари ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, товардаги нуқсонлар истеъмолчига товар реализация қилинганидан кейин сақлаш ёки фойдаланиш қоидаларининг бузилиши ёхуд учинчи шахсларнинг ҳаракатлари натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинлигини ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган ҳолатларда қўшимча текширув ўтказилади.
Қўшимча текшириш билан боғлиқ харажатлар эса сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи томонидан қопланади. Бироқ текшириш натижасида товарда нуқсон мавжуд эмаслиги ёки нуқсон истеъмолчининг қоидаларни бузиши ёхуд учинчи шахслар ҳаракати оқибатида келиб чиққанлиги аниқланса, ушбу харажатлар истеъмолчи томонидан қопланиши белгиланмоқда.
Ҳужжатда истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳам аниқ белгилаб қўйиляпти. Хусусан, у шахсан ёки ўз вакили орқали товар нуқсонининг келиб чиқиш сабабларини текшириш жараёнида иштирок этиш, текширув вақти ва жойи ҳақида олдиндан хабардор қилиниши ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан мустақил текширув ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур нормалар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлайди, сотувчи ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатларда аниқлик ва шаффофликни таъминлайди, нуқсонли товарни алмаштиришдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
--0--