Асаларилар йўқолса, табиат мувозанати бузилади
20 май — Бутунжаҳон асаларичилар куни
Табиатнинг энг меҳнаткаш ва инсон ҳаёти учун беқиёс аҳамиятга эга жонзотларидан бири, асаларилардир. Улар нафақат ширин асал манбаи, балки бутун экотизим барқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги ривожининг муҳим бўғини ҳисобланади. Шу боис ҳам дунё миқёсида асалариларни муҳофаза қилиш, асаларичилик соҳасини ривожлантириш ва аҳоли эътиборини табиатга эҳтиёткор муносабатга чорлаш мақсадида ҳар йили 20 май санаси Бутунжаҳон асаларичилар куни сифатида нишонланади.

Ушбу сана замонавий асаларичилик асосчиларидан бири саналган словениялик машҳур асаларичи Антон Янша таваллуд куни билан боғлиқ. У асалариларни парвариш қилиш, уларнинг ҳаёт тарзи ва маҳсулдорлигини ошириш бўйича илмий ёндашувларни шакллантирган. Антон Яншанинг асаларичилик соҳасига қўшган улкан ҳиссаси туфайли 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 20 май расман “Бутунжаҳон асаларичилар куни” деб эълон қилинган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунёда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг катта қисми айнан асаларилар орқали чангланади. Агар асаларилар сони камайса, бу нафақат табиат мувозанатига, балки инсон озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли бугунги кунда кўплаб давлатларда асалариларни муҳофаза қилиш, экологик тоза муҳит яратиш ва кимёвий воситалардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Асал эса қадимдан инсон саломатлиги учун шифобахш маҳсулот сифатида қадрланиб келган. У иммунитетни мустаҳкамлайди, организмга қувват беради ва халқ табобатида кенг қўлланилади. Асаларичилик эса нафақат даромад манбаи, балки меҳр, сабр ва табиат билан уйғунликни талаб қиладиган шарафли касбдир.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам асаларичилик соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Янги асаларичилик хўжаликлари ташкил этилиб, маҳаллий асал маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса соҳа ривожи билан бирга экологик барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон асали ўзининг табиийлиги ва сифати билан нафақат ички бозорда, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Юртимизнинг тоғли ва экологик тоза ҳудудларида етиштирилаётган асал маҳсулотлари ўзига хос таъм ва шифобахш хусусиятлари билан ажралиб туради. Асаларичилик соҳасида меҳнат қилаётган юртдошларимиз эса нафақат асал етиштириш, балки табиат мувозанатини сақлаш ва қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА