Тўсиқсиз муҳит яратиш кўлами кенгаймоқда
Қарор ва ижро
Бугунги кунда Президентимизнинг 2024 йил 18 июлдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида кўчалар босқичма-босқич мослаштирилди. Бу борадаги ишлар вилоятда тўсиқсиз муҳитни шакллантириш йўлида муҳим қадам бўляпти.

Жумладан, Янгийўл шаҳрининг Ш.Рашидов кўчасида 0,56 километр, Самарқанд кўчасида эса 2 километрдан ортиқ ҳудудда пиёдалар йўлаклари кўзи ожиз ва заиф кўрувчи шахслар учун огоҳлантирувчи ҳамда йўналтирувчи тактил қопламалар билан жиҳозланди. Шунингдек, пиёдалар ўтиш жойлари контраст рангли бўртма чизиқлар билан белгиланди, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус автотураргоҳлар ташкил этилди.
– Шаҳримизда биз каби ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилаётган қулайликлар туфайли кундалик ҳаётимизда мустақил ва эркин ҳаракатланишимизга катта ёрдам бермоқда, – дейди янгийўллик Сейран Атажанов. – Овозли светофорлар, пандуслар, махсус йўлакчалар ва бошқа инфратузилма ечимлари бугунги кун талабидир. Энг муҳими, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида ногиронлиги бўлган инсонлар эҳтиёжлари ҳам инобатга олинмоқда. Бундан жуда мамнунмиз.

Маълумот ўрнида, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Ижтимоий инспекцияни Тошкент вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 23 километрдан ортиқ ижтимоий аҳамиятга эга кўчалар танлаб олиниб, ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилди. Бу каби ишлар изчил давом эттирилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА