Бугун Миллий матбуот марказида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раҳбарияти иштирокида "Саноат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган назорат-профилактика тадбирлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқарма бошлиғи Олимжон Жўраев сўзга чиқиб, ташкилот томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, қўмита томонидан саноат хавфсизлигини таъминлашда Тошкент шаҳрида қурилиш соҳасида фойдаланилаётган кранлар, кимёвий заҳарли моддалар сақловчи омборхоналар, аттракционларни мавсумга тайёрлаш ва лифтларга хизмат кўрсатувчи сервис компанияларда назорат-профилактика тадбирлари тизимли равишда ташкил этилган.
Олимжон Жўраев маълум қилганидек, Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси йил бошидан буён 121 та назорат тадбири, 10 381 та профилактика тадбири ҳамда 2 755 та корхона ходимларининг билим синовларини ўтказди. Унда 1 145 та қонун талаблари бузилиши аниқланди. Мазкур ҳолатларга йўл қўйган 135 нафар шахсга маъмурий жазо чоралари қўлланди.
[gallery-26154]
– Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманида “Do'mbirobod City” турар жой қурилиш объектида “Омега Агро Строй” МЧЖ қарашли кран монтаж ишлари техник талабларга риоя қилинмасдан ўрнатилгани сабабли қулаб тушиши натижасида гуруҳий бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, битта ўлим қайд этилган ва 2 та оғир жароҳатланиш рўй берган. Ваколатли орган томонидан махсус текширув комиссияси томонидан ўлим билан тугаган гуруҳий бахтсиз ҳодиса ўрганилди. Келгусида шунга ўхшаган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бошқармамиз тегишли чораларни амалга оширди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида ўрнатилган 74 та кран расмий тартибда қўмитадан рухсатнома олган ҳолда фойдаланилмоқда. Шунингдек, пойтахтимизда жами 205 та хавфли ишлаб чиқариш объектига кирувчи автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳам текширилди. Текширув натижаларига кўра, 41 та хавфли ишлаб чиқариш объекти идентификация қилинмаган, 78 тасида саноат хавфсизлиги бўйича лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмаган, 147 та техник қурилмалар бўйича саноат хавфсизлиги экспертиза хулосаси мавжуд эмас, 21 та объект давлат реестрига киритилмаган ва 129 тасида техноген хавфи юқори бўлган зоналарнинг давлат кадастр паспорти ишлаб чиқилмаганлиги аниқланди. Мазкур хатлов натижаларида аниқланган камчиликларни йил якунига қадар бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда, – деди О.Жўраев.
Матбуот анжуманида Тошкент шаҳридаги барча 17 та маданият ва истироҳат боғлари ҳамда кўнгилочар масканларда ўрнатилган 263 та аттракционнинг саноат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этилиши ҳолати ўрганилгани таъкидланди. Унга асосан ҳудуддаги аттракционларнинг 45 тасида техник паспорти мавжуд эмаслиги, 23 тасида аттракционларга соз ҳолатда хизмат кўрсатиш ва хавфсиз фойдаланиш учун масъул шахс тайинланмагани ҳамда 39 та аттракцион мавсум олдидан бериладиган рухсатномаларсиз ноқонуний фаолият олиб бораётгани қайд этилди ва уларнинг фаолиятига йўл қўйилмади.
Хавфсизлик қоидалари ва талабларига мос келмаган 18 та аттракцион фаолияти ўрнатилган тартибда, камчиликлар бартараф этилгунча вақтинчалик электр тармоғидан узилди. Шунингдек, қўл билан ўрнатилган, яъни ишлаб чиқарувчи корхона паспорти ва биркаси бўлмаган 29 та ремонт талаб аттракцион фаолияти ҳам тўхтатилди.
Бугунги кунда истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида “attraksionnazorati” электрон платформаси ишга туширилди. Ушбу платформа барча турдаги аттракционларни рўйхатга олиш, уларнинг техник ҳолати, даврий синовлари, рухсатнома ва сертификатларини ўз ичига олган аниқ ва тўлиқ маълумотлар базасини шакллантириш, жамоатчиликка очиқ маълумотлар етказиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш ва тегишли чоралар кўриш имконини беради.
Тегишли топшириқларга асосан республикадаги барча лифтлар, жумладан, Тошкент шаридаги кўп квартирали уйларда ўрнатилган 9 147 та лифт ускуналари текширилди. Ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар “Хавфсиз лифт” платформасига Тошкент шаҳар туман ҳокимликлари томонидан киритилди. Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйларда ўрнатилган 9 147 та лифтда жами 37 103 та камчилик аниқланди.
– Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан қабул қилинган регламентга мувофиқ, лифтларнинг техник ҳолатини жамоатчиликка хабардор қилиш мақсадида лифт кабинасига яшил (яроқли), мовий (қисман носоз), сариқ (носоз) ва қизил (фойдаланиш учун хавфли) стикерлар ёпиштирилади. Мазкур техник регламентларни 2026 йил 1 июлдан кучга кириши инобатга олиб, барча носоз лифтлардан фойдаланиш тақиқланади. Пойтахтимиз фуқароларини авария ва бахтсиз ҳодисалардан ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида 6 844 та техник синовдан ўтмаган лифтга “Лифт техник кўрикдан ўтказилмаган” ёзувли ёрлиқлар ёпиштирилди, – деди О.Жўраев.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА