Тошкентда «İRS – MEROS» журналининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида «İRS – MEROS» журналининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот маросимида Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, доктор Рашад Маммадов Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва қардошлик муносабатлари ҳақида сўз юритди. Элчи муштарак тарихий илдизлар, бой маданий мерос ва миллий-маънавий қадриятларга асосланган Озарбайжон — Ўзбекистон муносабатлари сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

У «İRS – MEROS» журналининг ўзбек тилида нашр этилиши Озарбайжон халқининг бой тарихий-маданий меросини қардош Ўзбекистон жамоатчилигига янада яқиндан таништириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Дипломат бундай нашрлар халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашувни кучайтириш, абадий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшишини билдирди.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Акиф Марифли «İRS – MEROS» журналининг ўзбек тилида нашр этилиши муштарак маданий қадриятларни тарғиб қилиш, адабий ва илмий алмашинувни кенгайтириш, шунингдек, халқларимиз ўртасидаги маънавий ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбир давомида фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори, адабиётшунос Шуҳрат Ҳайитов, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори Камола Акилова ҳамда Ўзбекистон — Озарбайжон дўстлик жамияти ижрочи директори Эркин Нуриддинов «İRS – MEROS» журналининг ўзбек тилидаги нашрининг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Маърузачилар мазкур нашр Озарбайжон халқининг бой тарихи, маданияти, санъати ва миллий-маънавий меросини ўзбекистонлик талабалар ҳамда кенг китобхонлар оммасига яқиндан таништириш, шунингдек, икки қардош халқ ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни ривожлантириш ва дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидладилар.

Тақдимот маросимида сўзга чиққан журнал муаллифи Муса Маржанли халқаро нашрнинг ташкил топиш тарихи, ривожланиш босқичлари ва халқаро миқёсдаги фаолияти ҳақида маълумот берди. У журналнинг ўзбек тилида нашр этилиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, нашрни тайёрлаш ва тақдимот маросимини ташкил этишда кўрсатилган кўмак учун Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонасига, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказига, шунингдек, лойиҳани амалга оширишга ҳисса қўшган барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
Н.Усмонова, ЎзА