Тошкентда ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар юзасидан назорат кучайтирилди
Тошкент шаҳрида ердан ноқонуний фойдаланиш ва ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ҳолатларини аниқлаш бўйича кенг кўламли назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг ўтган тўрт ойи давомида ўтказилган ер назорати тадбирлари натижасида жами 997 та ҳолатда 13,9 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган.

Маълум қилинишича, энг кўп ҳуқуқбузарлик ҳолатлари Сергели, Олмазор, Яккасарой ҳамда Шайхонтоҳур туманларида қайд этилган.
Мутахассислар томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари самарасида 581 та ҳолат бўйича фуқаролар ихтиёрий равишда қонунбузилишларни бартараф этган. Натижада 5 гектар ер майдони қонуний ҳолатга қайтарилган.
Шунингдек, ер участкаларини давлат захирасига қайтариш ва ноқонуний қурилган иншоотларни бартараф этиш юзасидан 243 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилган. Ушбу ҳолатлар 4,6 гектар ер майдони билан боғлиқ экани қайд этилди.
Назорат тадбирлари давомида айрим ҳолатларда жиноят аломатлари ҳам аниқланган. Хусусан, 4 та иш ҳужжати белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, аниқланган ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг ер муносабатларини тартибга солувчи 937-сонли қонуни талабларига зид бўлгани сабабли мазкур ҳудудларда ер ва кадастр назорати тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА