Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг юртимизга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон – Мўғулистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда икки давлат вазирлик, идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда 150 дан зиёд йирик компаниялар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов икки юрт ўртасида чуқур тарихий дўстона ришталар мавжудлиги, давлатлар раҳбарлари томонидан кўп қиррали муносабатни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
– Мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш бўйича ортга қайтмас тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди вазир. – Соҳада мавжуд барча тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш, иқтисодиётни либераллаштириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлар учун имкониятларни ҳар томонлама кенгайтиришга аҳамият бериляпти.
Форум давомида ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш мақсадида тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тиббиёт, фармацевтика, озиқ-овқат, банк секторини ривожлантириш каби қатор истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.
2023 йил Мўғулистон ялпи ички маҳсулоти 18,5 миллиард долларни ташкил этди, мамлакат иқтисодиёти 7 фоизга яқин ўсиш даражасини кўрсатди. Ташқи савдо айланмаси 24,4 миллиард долларга етган. Мўғулистон олтин, кумуш, темир, кўмир, мис, молибден, вольфрам, қалай, никель, рух каби табиий ресурсларга бой.
Мулоқот чоғида чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги кластерларини ташкил этиш, экспортга тайёр маҳсулот чиқариш истиқболли экани таъкидланди. Қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш ва Мўғулистон компаниялари Ўзбекистонда қулай фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароит яратишга тайёрлик билдирилди.
Ўз навбатида Мўғулистон Миллий Савдо-саноат палатаси президенти Дашцерен Энхтувшин икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқ, инвестициявий ва саноат кооперациясини ривожлантириш имкониятини юқори баҳолаб, тадбиркорларни ўзаро ҳамкорликни фаол ошириш ва бу борада энг мураккаб қўшма ташаббуслар бўйича ҳам дадил ҳаракат қилишга чақирди.
Бизнес-форум дастурига мувофиқ, соғлиқни сақлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда қатор икки томонлама келишувлар имзоланди.
<iframe width="971" height="546" src="https://www.youtube.com/embed/sCMaJH_nGXQ" title="Toshkentda Oʻzbekiston – Moʻgʻuliston biznes-forumi boʻlib oʻtdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
B2B ва G2B форматларида ўтказилган музокараларда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари янги алоқа ўрнатиш, янги қўшма ташаббусларнинг амалий жиҳатларини ва кўзланган режаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА