Тошкентда ўзбек ва турк санъати учрашди
Бир томонда Алишер Навоий мероси, иккинчи томонда замонавий турк киноси. Тошкент Ўзбекистон ва Туркия маданиятининг турли йўналишларини бир майдонда жамлаган тадбирларга мезбонлик қилмоқда. Ислом цивилизацияси марказига “Куллиёти Навоий”нинг факсимиле нусхаси тақдим этилди, икки давлат маданият вазирлари ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди, ўзбек ва турк санъаткорлари иштирокидаги қўшма концерт билан маданий дастур давом этди.
Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Тошкентда “Ўзбекистон – Туркия маданият ва санъат учрашувлари — Турк кино кунлари” бошланди.

24–29 сентябрь кунларига мўлжалланган тадбирлар дастури икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш, санъаткорлар ва ижодий жамоалар ўртасидаги алмашинувни кучайтириш ҳамда томошабинларни турк киносининг турли намуналари билан таништиришга қаратилган.
Тадбирларнинг илк куни эса тарихий мерос, расмий мулоқот ва санъатни бирлаштирган бир нечта муҳим воқеалар билан бошланди. Кун дастуридаги муҳим манзиллардан бири — Ислом цивилизацияси маркази бўлди.

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой марказга ташриф буюриб, унинг экспозицияси билан танишди. Меҳмонларга ислом олами тарихи ва маданиятига оид ноёб экспонатлар, шунингдек, марказда сақланаётган тарихий-маданий мерос намуналари ҳақида маълумот берилди.

Ташрифнинг рамзий воқеаларидан бири эса “Куллиёти Навоий” асарининг факсимиле нусхаси Ислом цивилизацияси марказига тақдим этилгани бўлди.

26 та асарни жамлаган ушбу ноёб куллиётнинг асл нусхаси Истанбулдаги Тўпқопи саройи кутубхонасида сақланади. Шу жиҳатдан тақдимотни шунчаки китоб топшириш маросими эмас, икки мамлакат тарихий-маданий меросини боғлаб турувчи рамзий воқеа сифатида ҳам кўриш мумкин.

Кун давомида Ўзбекистон ва Туркия маданият вазирлари ўртасида ҳам алоҳида учрашув бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг маданият ва санъат соҳасидаги бугунги ҳамкорлиги, мавжуд лойиҳалар ҳамда келгусидаги имкониятлар муҳокама қилинди. Мулоқот доирасида ижодий жамоалар алмашинуви, маданият муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, кино, театр, мусиқа ва адабиёт каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни кўпайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Бу ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари ҳам мавжуд: икки давлат ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2018 йилда имзоланган. 2024 йилда эса Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган баённома имзоланган.

Демак, бугунги учрашувлар бир марталик маданий тадбир билан чекланмайди. Музокаралар янги ижодий алоқалар ва қўшма лойиҳалар учун амалий майдон яратишга қаратилган. Илк куннинг яна бир муҳим қисми — ўзбек ва турк санъат усталари иштирокидаги қўшма концерт дастури бўлди.

Шу тариқа кун давомида маданий меросдан замонавий санъатгача бўлган кенг йўналиш қамраб олинди.
24 сентябрдаги учрашувлар билан дастур якунланмайди. Аксинча, кейинги кунларда Тошкент томошабинларини “Туркия кино кунлари” кутмоқда.

25 сентябрь куни Миллий кино санъати саройида “Туркия кино кунлари”нинг очилиш маросими ўтказилиб, “Аждодлар садоси” фильми намойиш этилади. 26 сентябрь куни томошабинларга “Кесилган дарахтдек”, 27 сентябрь куни — “Бахтлимизми?”, 28 сентябрь куни — “Қара, почтачи келяпти”, 29 сентябрь куни эса “Изқувар Рептир” фильмлари тақдим этилиши режалаштирилган.

Дастурга кўра, 25–29 сентябрь кунлари кино намойишлари Миллий кино санъати саройида соат 19:00–20:30 оралиғида бўлиб ўтади.

Моҳичеҳра Эшмирзаева,
ЎзА